Жаҳон | 10:48 / 04.03.2020
21373
2 дақиқада ўқилади

Эронда коронавирус сабабли 54 минг маҳбус қўйиб юборилди

Фото: REUTERS

Эрон коронавирусдан энг кўп жабр кўраётган давлатлар қаторидан жой олди. Мамлакатда 2366 кишида коронавирус аниқланди, 77 киши ундан вафот этди. Шундай мураккаб вазиятда ҳукумат коронавирус тарқалиши олдини олиш мақсадида турмалардан 54 минг маҳбус вақтинча озодликка чиқарилишини эълон қилди. 

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Эрондаги вазият ҳимоя воситалари – ниқоблар, қўлқоплар, шифокорлар учун ҳимоя кўзойнаклари ва кийимлари, беморлар учун интенсив даволаш тизимларининг етишмаслиги сабабли алоҳида хавотир уйғотаётганини тан олди. Шифохоналарда етарли миқдорда ускуналарнинг йўқлиги бундай кўп сондаги ўлим ҳолатларига олиб келмоқда.

Мамлакатда коронавирус эпидемиясини тўхтатиш учун имкони бор чоралар кўрилмоқда. Вирусга қарши кураш доирасида ҳукумат тўлиб-тошган турмалардан 54 минг маҳбусни вақтинча озодликка чиқаришга қарор қилди.

Эрон суд тизими матбуот котиби Ғуломҳусайн Исмоилийнинг таъкидлашича, озодликка коронавирус аниқланмаган ва ўзи учун гаров пули киритган маҳбуслар чиқарилади. Улар қаторидан ўта хавфли жиноятчилар ва қамоқ жазоси муддати 5 йилдан ошадиганлар жой ололмайди.

“Маҳбуслар соғлиғи биз учун муҳим”, деб қўшимча қилган Исмоилий.

Эронда коронавирусдан ўлиш даражаси бошқа давлатларга нисбатан юқорироқ бўлиб, 4,4 фоизни ташкил қилмоқда. Бу борада энг юқори кўрсаткич АҚШда қайд қилиниб, 5,9 фоизни ташкил қилмоқда.

Мавзуга оид