Тошкент вилоят ҳокимлиги Оҳангарондаги ҳашар юзасидан изоҳ берди
2020 йил 4 март куни Kun.uz сайтида «Тошкент вилоят ҳокимлигига савол: якшанба дам олиш куними ё ҳашар?» сарлавҳали мақола эълон қилинган эди. Унда жорий йилнинг 1 март куни, дам олиш куни бўлишига қарамасдан, Тошкент-Олмалиқ йўли, шунингдек, Оҳангарон шаҳрида ободонлаштириш бошқармаси ходимлари йўлнинг икки ёнида ер ағдариш, дарахтлар ва йўл четларидаги бетон устунчалар, тўсиқчаларни оқлаш, кўчат ўтқазиш каби ишларни бажараётгани ҳақида хабар қилинган эди.
Унда, шунингдек, ЎзР Меҳнат кодексининг 157-моддасига кўра, иш вақтидан ташқари ишлар, дам олиш кунлари ва байрам кунларидаги ишлар учун камида икки ҳисса миқдорида ҳақ тўланиши, дам олиш кунидаги иш ходимнинг хоҳишига қараб бошқа дам олиш куни (отгул) бериш билан қопланиши мумкинлиги эслатилган ҳамда мазкур ҳолат юзасидан Тошкент вилоят ҳокимлиги муносабатини кутилаётгани таъкидланган эди.
Қайд этиш ўринлики, вилоят ҳокимлиги Ахборот хизматининг мазкур масала бўйича муносабати узоқ куттирмади. Расмий муносабатда, жумладан шундай дейилади:
«Бугун, 2020 йилнинг 4 март куни “Kun.uz” сайтида юқоридаги сарлавҳа остида танқидий материал эълон қилинди. Унда жорий йилнинг 1 март куни, дам олиш куни бўлишига қарамасдан, Тошкент-Олмалиқ йўли, шунингдек, Оҳангарон шаҳрида ободонлаштириш бошқармаси ходимлари йўлнинг икки ёнида ер ағдариш, дарахтлар ва йўл четларидаги бетон устунчалар, тўсиқчаларни оқлаш, кўчат ўтқазиш каби ишларни бажаришаётгани танқид остига олинган.
Ушбу масала юзасидан шуни маълум қиламизки, ҳақиқатан ҳам Тошкент вилоятининг Оҳангарон шаҳри ҳудудидаги “Оҳангарон-Ангрен” трассаси бўйлаб ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш мақсадида барча туман ва шаҳар ободонлаштириш бошқармаларига бошқарма бошлиқлари раҳбарлигида ишчиларни ўз розилиги билан сафарбар этиш бўйича хабарнома берилган.
Бу ҳақда Тошкент вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги Ободонлаштириш бош бошқармаси бошлиғининг 2020 йил 28 февралдаги 1-1/11-сон буйруғи қабул қилинган. Буйруқда ободонлаштириш бошқармаси ишчилари Оҳангарон шаҳрига сафарбар этилиши муносабати билан уларнинг 2020 йил 1 мартдаги дам олиш куни 2020 йилнинг 6 март кунига кўчирилиши қайд этилган.
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 130-моддасига асосан, иш берувчининг фармойиши бўйича айрим ходимларни дам олиш кунлари ишга жалб этишга алоҳида ҳоллардагина, жамоа шартномасида, агар у тузилмаган бўлса, — иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишиб белгиланган асослар бўйича ва тартибда йўл қўйилиши белгиланган.
Мазкур кодекснинг 157-моддасида эса байрам ёки дам олиш кунидаги иш ходимнинг хоҳишига қараб бошқа дам олиш куни (отгул) бериш билан қопланиши мумкинлиги, байрам ёки дам олиш кунидаги иш ёхуд иш вақтидан ташқари бажарилган иш учун бошқа дам олиш куни берилган тақдирда, бундай ишлар учун камида бир ҳисса миқдорда меҳнат ҳақи тўланиши белгиланган.
Юқоридагиларга кўра, ободонлаштириш бошқармалари ходимларининг ўз розилиги билан уларнинг дам олиш кунларини бошқа кунга кўчириш ҳамда уларга бир ҳисса иш ҳақи тўлаш бошқарма бошлиғининг буйруғида акс этган бўлиб, ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларига путур етмаган.
Биз “Kun.uz” сайти журналистларининг фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган мазкур саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаган ҳолда, мақолага ўз муносабатимизни билдирамиз. Бу борада ҳамиша ҳамкорликка тайёрмиз».