Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Жиноятлар уч кун ичида содир этилган ҳудудидаги маҳаллаларда муҳокама қилинади
Жиноятларнинг сабаблари ва бунга имкон берган шарт-шароитларни муҳокама қилиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланади
Вазирлар Маҳкамасининг “Жиноятларнинг сабаблари ва бунга имкон берган шарт-шароитларни муҳокама қилиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Қуйидагилар Низомнинг асосий мақсади ҳисобланади:
ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи органлар ҳамда муассасалар фаолиятининг ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш ва уларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш;
ҳуқуқбузарликлар профилактикасига масъул давлат органлари, хусусан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тузилмалар томонидан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, хотин-қизлар масалалари бўйича бошланғич ташкилотлари, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ва бошқа тегишли нодавлат нотижорат ташкилотлари билан биргаликда ҳар бир жиноятнинг сабаблари ва уларни келтириб чиқарган шарт-шароитларини ўрганиш ҳамда бартараф этиш амалиётини йўлга қўйиш;
ҳуқуқбузарликдан жабрланувчиларни, ҳуқуқбузарлик содир этишга мойил бўлган ёки содир этган, шу жумладан, илгари судланган ва жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахсларни ижтимоий реабилитация қилиш ва ижтимоий мослаштириш чораларини кучайтириш;
фуқароларнинг ҳуқуқбузарликдан жабрланиш хавфини камайтириш;
содир этилган жиноятлар бўйича фуқароларда холис фикрни шакллантириш.
Жиноятларни муҳокама қилиш қуйидаги принциплар асосида амалга оширилади:
қонунийлик;
демократизм;
шахснинг шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш;
тизимлилик;
айбсизлик презумпциясига риоя этиш;
ишонтириш усулининг устуворлиги.
Қуйидаги жиноятларнинг муҳокама қилинишига йўл қўйилмайди:
ошкор этилиши давлат сирларини қўриқлаш манфаатларига зид келадиган жиноятлар;
ҳарбий хизматни ўташ тартибига қарши жиноятлар;
чет эл фуқаролари томонидан содир этилган жиноятлар;
жазони ижро этиш муассасаларида маҳкумлар томонидан содир этилган жиноятлар;
таносил ёки ОИВ касаллиги/ОИТСни тарқатиш;
жинсий эркинликка қарши жиноятлар;
фарзандликка олиш сирини ошкор қилиш;
ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш ёки унга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш;
олдинги йилларда содир этилиб, жорий даврда ҳисобга қўйилган ҳамда ўз аҳамиятини йўқотган (Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 84-моддаси асосида тугатилган жиноят ишлари бўйича) жиноятлар.
Жиноятлар улар тўғрисидаги маълумотлар ички ишлар органларига келиб тушган кундан бошлаб уч кун ичида содир этилган ҳудудидаги маҳаллаларда муҳокама қилинади.
Республиканинг бошқа ҳудудларидан (вилоят, шаҳар, туман, қишлоқ, овул, маҳалла) келиб жиноят содир этган шахслар бўйича муҳокамалар уларнинг яшаш жойидаги маҳаллаларда ҳам ўтказилади.
Содир этилган жиноятлар муҳокамасини ташкил қилиш бўйича ишлар белгиланган схемага мувофиқ амалга оширилади.
Ҳудудий ички ишлар органлари содир этилган жиноятлар тўғрисидаги ахборотларни умумлаштириш учун масъул ишчи орган ҳисобланади.
Содир этилган жиноятлар тўғрисидаги бирламчи ахборотлар ҳар куни суриштирув ва дастлабки терговни амалга оширувчи органлар томонидан ишчи органга тақдим этилади.
Ишчи орган томонидан ахборотлар умумлаштирилган ҳолда шу куннинг ўзида тегишли туман (шаҳар) ҳокимига, Қорақалпоғистон Республикаси ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармалари ҳамда вилоятлар ички ишлар бошқармаларига, агар жиноят бошқа ҳудуддан келган шахс томонидан содир этилганлиги аниқланган бўлса, ушбу шахснинг доимий яшаш манзили бўйича жойлашган ишчи орган (ҳудудий ички ишлар органи)га ҳам электрон тарзда юборилади.
Юқори турувчи ички ишлар органи томонидан маълумотлар улар қабул қилинган кунда тегишлилик бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларига тақдим этилади.
Содир этилган жиноятларнинг қисқача мазмуни, содир этилган ҳудуд сектори раҳбари, маҳалла раиси, профилактика (катта) инспектори ҳамда бошқа тегишли мансабдор шахслар тўғрисидаги маълумотлар, мазкур жиноятнинг келиб чиқиш сабаблари (бунда сабабнинг давомий ёки воқеа даврида юзага келганлигига алоҳида эътибор қаратилади) ҳамда бунга имкон берган шарт-шароитлар кўрсатилади.
Ишчи орган қуйидаги ваколатлардан фойдаланади:
содир этилган жиноятлар муҳокамасига масъул ва кўмаклашувчи органлардан зарур маълумотларни сўраб олиш;
муҳокамалар бўйича юритилган ҳисоботларни мониторинг қилиб бориш ва ҳаққонийлигига баҳо бериш;
муҳокамаларда белгиланган вазифаларни ўз вақтида бажармаган масъул шахслар фаолиятини ўрганиб, таклифлар киритиш.
Туман (шаҳар) ҳокимлари ҳар куни:
туман (шаҳар) ички ишлар органи томонидан тақдим этилган тегишли ҳудудда сутка давомида содир этилган жиноятлар тўғрисидаги ахборот билан танишади;
ахборотда кўрсатилган жиноятларнинг келиб чиқиш сабаблари ва уларга имкон берган шарт-шароитларни ўрганиш, ҳуқуққа хилоф ҳаракатларни келтириб чиқарган омилларни аниқлаш ва муҳокамасини ташкил қилиш учун тегишли сектор, мутасадди ташкилот ва муассасалар раҳбарларига топшириқ беради.
Туман (шаҳар) ҳокимлиги Ташкилий-назорат гуруҳи тегишли сектор ва масъул ташкилотлар раҳбарларига топшириқни дарҳол етказади.
Қуйидаги органлар ва муассасаларнинг ҳудудий тузилмалари содир этилган жиноятларнинг тури ҳамда хусусиятларидан келиб чиқиб уларни муҳокама қилишда кўмаклашади:
хотин-қизлар томонидан ёки уларга нисбатан содир этилган жиноятлар бўйича – Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, хотин-қизлар масалалари бўйича бошланғич ташкилотлари;
вояга етмаганлар ва ёшлар томонидан ёки уларга нисбатан содир этилган жиноятлар бўйича – Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълими вазирлиги, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, олий таълим муассасалари;
ишсиз, бандлиги таъминланмаган шахслар томонидан ёки уларга нисбатан содир этилган жиноятлар бўйича – Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги;
руҳий касаллар, спиртли ичимликларга ёки гиёҳванд моддаларга ружу қўйган шахслар томонидан ёки уларга нисбатан содир этилган жиноятлар бўйича – Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари;
одоб-ахлоқ ва оила-турмуш муносабатлари доирасида содир этилган жиноятлар бўйича – Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари;
ички ишлар органлари профилактик ҳисобига олинган, жазони ижро этиш муассасаларидан қайтган, озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазони ўтаётган, маъмурий назоратда турган, илгари судланган шахслар томонидан ёки уларга нисбатан содир этилган жиноятлар бўйича – Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари;
бевосита корхона ва ташкилотлар ҳудудида содир этилган ҳолатлар бўйича – корхона ва ташкилот раҳбарлари ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари.
Муҳокамаларга бошқа давлат муассасалари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, шу жумладан диний ташкилотлар вакиллари жалб этилиши мумкин.
Ҳудудий сектор раҳбарлари:
жиноятларнинг сабаблари ва бунга имкон берган шарт-шароитларни масъул ташкилотлар раҳбарлари иштирокида ўрганишни ташкил қилади;
сектор ҳудудида содир этилган жиноятлар муҳокамаларини шахсан ўтказади;
муҳокамаларда масъул ташкилотлар вакилларининг иштирокини таъминлайди;
содир этилган жиноятлар бўйича кенг жамоатчиликка қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қўшимча маълумотларнинг тақдим этилишини таъминлаш орқали асоссиз шов-шувларнинг олдини олишга қаратилган чораларни кўради.
Ҳар бир содир этилган жиноят муҳокамасида ички ишлар органлари раҳбарлари, таянч пунктлари профилактика (катта) инспекторлари ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинлари раисларининг, шунингдек жиноят иши бўйича тергов ёки суриштирув олиб бораётган терговчи, суриштирувчининг иштироки таъминланиши шарт.
Муҳокамада содир этилган жиноятларнинг сабаблари ва бунга имкон берган шарт-шароитлардан келиб чиқиб, келгусида шу каби ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган аниқ чора-тадбирлар белгиланади.
Муҳокама якуни бўйича тегишли маҳалла фуқаролар йиғини томонидан йиғилиш баённомаси расмийлаштирилади ва йиғилишда раислик қилувчи томонидан имзоланиб, сектор штабида рўйхатга олинади.
Йиғилиш баённомасида қуйидагилар кўрсатилиши шарт:
баённома тузилган сана ва жой;
қатнашувчилар ва таклиф этилганлар тўғрисидаги маълумотлар (фамилияси, исми, шарифи, иш жойи ва лавозими);
иштирок этганлар сони;
кун тартибидаги масала;
содир этилган жиноятнинг мазмуни, келиб чиқиш сабаблари ва бунга имкон берган шарт-шароитлар таҳлили;
жиноят иштирокчилари тўғрисидаги маълумотлар;
тегишли ташкилотлар вакилларининг муҳокама қилинаётган жиноят бўйича фикр ва мулоҳазалари;
муҳокама қилинган жиноят келиб чиқишининг барвақт олдини олиш чораларини кўрмаган ваколатли ташкилотлар раҳбарлари ёки масъул ходимларига интизомий таъсир чоралари қўллаш бўйича таклифлар;
муҳокама қилинган жиноятнинг келгусида олдини олишга қаратилган аниқ чора-тадбирлар ва таклифлар.
Йиғилиш баённомасида белгиланган чора-тадбирлар ижроси устидан назорат бевосита сектор раҳбарлари томонидан таъминланади.
Муҳокама жараёнлари фотосуратга ва видеотасвирга олиниб, йиғилиш баённомаси нусхалари билан бирга ишчи органга ҳамда тегишли ҳокимлик Ташкилий-назорат гуруҳига тақдим этилади.
Ишчи орган:
йиғилиш баённомаларида қайд этилган маълумотларни умумлаштиради, таҳлил қилади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан тасдиқланадиган шаклда уларнинг ягона ҳисобини юритади;
ҳар ой якуни бўйича тегишли ҳудудларда содир этилган жиноятларни таҳлил қилиб, кейинги ойнинг 5 санасига қадар туман (шаҳар) ҳокимлигига ҳамда юқори турувчи ички ишлар органига батафсил ахборот киритади.
Юқори турувчи ички ишлар органи томонидан ахборотлар умумлаштирилган ҳолда кейинги ойнинг 7 санасига қадар тегишлилик бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига тақдим этилади.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ҳамда туман (шаҳар) ҳокимлари:
Содир этилган жиноятлар тўғрисидаги ахборотлар асосида улар тақдим этилган кундан бошлаб уч кун ичида тегишли ташкилот ва муассасалар раҳбарлари иштирокида йиғилиш ўтказади ва жиноятчилик ҳолатини муҳокама қилади;
тегишли ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари ҳаракатсизлигига нисбатан ўз ваколати доирасида чоралар кўради;
ҳуқуққа хилоф ҳолатлар бўйича ўз вақтида таъсир чораларини кўриш ва уларнинг салбий оқибатларига барҳам бериш мақсадида ҳуқуқбузарликлар профилактикасида бевосита иштирок этувчи органлар ва муассасаларни жалб қилиш ҳамда уларнинг ҳамкорлигини ташкил этиш борасида таъсирчан чора-тадбирларни кўриб, мазкур йўналишда шахсий назорат ўрнатади.
Халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларининг мажлисларида ҳисобот даври якунига кўра, жамоат хавфсизлигини таъминлаш натижаларининг таҳлили асосида ҳар ойда:
тегишли ҳудудда содир этилган оғир ва ўта оғир турдаги жиноятлар;
ҳуқуқбузарликлар профилактикасида бевосита иштирок этувчи органлар ва муассасалар томонидан жамоат хавфсизлигини таъминлаш самарадорлигини ошириш бўйича манзилли таклифларни ишлаб чиқиш ҳамда уларни Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, жиноятчиликка қарши курашиш ва жамоатчилик хавфсизлигини таъминлаш бўйича республика комиссиясига киритиш билан бирга кўрилаётган чора-тадбирларнинг аҳволи танқидий муҳокама қилинади.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари томонидан ҳудуднинг олислиги ҳамда бошқа сабабларни инобатга олган ҳолда муҳокамалар аудио ва видеоконференцалоқа кўринишида ҳам ўтказилиши мумкин.
Ҳудудларда содир этилган жиноятлар бўйича ўтказилган муҳокамалар оммавий ахборот воситалари орқали аҳоли эътиборига етказиб борилади.
Туман (шаҳар) прокуратуралари:
содир этилган ҳар бир жиноят муҳокамаси белгиланган тартибда ташкил қилинганлигига алоҳида эътибор берган ҳолда Низом талабларига риоя этилиши устидан назоратни амалга оширади;
Низом талаблари бузилганлиги аниқланган тақдирда, айбдор шахсларнинг жавобгарлик масаласини ҳал этиш чораларини кўради.
Содир этилган жиноятлар бўйича ўтказилган муҳокамалар юзасидан ишчи орган ҳисоботларининг ҳаққонийлиги, муҳокамаларнинг белгиланган тартибда ўтказилганлиги ва расмийлаштирилганлиги прокуратура органлари томонидан ҳар чоракда ўрганиб борилади.
Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган мансабдор шахсларнинг қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарлик масаласи кўриб чиқилади.
Мавзуга оид
13:30 / 16.06.2026
Тошкентда мактаб ўқувчилари иштирокидаги жиноий гуруҳ ушланди
20:25 / 10.06.2026
Қозоғистонда жинсий зўравонлик жиноятлари тергови аёл терговчиларга топширилади
18:58 / 06.05.2026
Фуқароларни яшаш ва турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш тартиби белгиланди
09:54 / 14.04.2026