Ўзбекистон | 10:57 / 10.03.2020
4118
6 дақиқада ўқилади

Silk Road International халқаро юк ташувлари бўйича миллий оператор сифатида белгиланади - Президент қарори лойиҳаси

Халқаро юк ташишларни янада ривожлантириш ва миллий ташувчилар рақобатбардошлигини ошириш чора-тадбирлари қабул қилинади

Фото: Михаил Воскресенский

Президентнинг “Халқаро юк ташишларни янада ривожлантириш ва миллий ташувчилар рақобатбардошлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.

Ҳужжатда қайд этилишича, ҳозирги вақтда миллий ташувчилар томонидан амалга ошириладиган халқаро юк ташишнинг янада кенг ва фаол ривожланишига тўсқинлик қилувчи бир қатор салбий омиллар сақланиб қолмоқда. Хусусан:

биринчидан, экспорт ва импорт қийматида транспорт харажатларининг ошиши оқибатда экспорт ҳажмининг етарли даражада ўсмаслигида акс этилади;

иккинчидан, Ўзбекистон ҳудуди орқали юк ташишнинг юқори нархлари транзит ташиш ҳажмининг пасайишига олиб келади;

учинчидан, юқори транспорт таркиби бир қатор Ўзбекистон товарлар позициялари экспортини чеклайди, чунки товарлар нархи ва транспорт таркиби уларни ташқи бозорларда рақобатбардош қилмайди;

тўртинчидан, экспедиторлик хизматларининг аксарият қисми хорижий компаниялар томонидан амалга оширилмоқда, бу эса қайтишда юкланмаганлиги сабабли ўзбекистонлик автотранспорт воситаларининг кўплаб бўш юриши ҳолатларига олиб келади;

бешинчидан, Ўзбекистоннинг транспорт инфратузилмаси, шу жумладан, ташкил этилган логистика марказлари, юкларнинг шаклланишида иштирок этиш имкони бўлмаганлиги сабабли, асосан юк билан таъминланмаган бўлиб қолмоқда.

Билдирилишича:

Ўзбекистон - Қирғизистон - Хитой йўлаги бўйлаб юкларни автомобилда ташиш бўйича фаолият “Ўрта Осиё Транс” АЖ иштирокида ва “АКА Групп” (Германия) компаниялар гуруҳига кирувчи “Urumqi Kailingda International Trade Co, LTD” (КНР)нинг тўғридан-тўғри хорижий сармоялари ҳисобига ташкил этилган “Silk Road International” МЧЖ ҚК томонидан олиб борилади;

“Ўрта Осиё Транс” АЖнинг бинолари ва гараж инфратузилмасидан самарасиз ва мақсадсиз фойдаланилмоқлиги, автотранспорт воситалари паркининг эскириши ҳозирги вақтда 78 фоиздан кўпроқни ташкил этади;

“Euroasia Transportation and Logistics Company” МЧЖ ХК, “Silk Road International” МЧЖ ҚКнинг устав фондига юкларни халқаро ташишни амалга ошириш учун мўлжалланган 200 дона автопоездларни (тягач ва ярим тиркамалар) сармоялашга тайёрлигини билдирган;

“Urumqi Kailingda International Trade Co, LTD” компанияси икки йил ичида “Silk Road International” МЧЖ ҚКнинг устав капиталига янада ҳар томонлама ривожланиш учун тўғридан-тўғри инвестициялар шаклида 10 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ сармоя қилишга тайёрлигини билдирган.

Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлигининг қуйидаги таклифига розилик берилиши мумкин:

а) “Silk Road International” МЧЖ ҚКнинг фаолиятини, шу жумладан ташқи савдо ва транзит юкларни ташишни кўпайтириш бўйича миллий ташувчиларга хизмат кўрсатувчи оператор сифатида кенгайтириш;

б) қуйидагиларни:

белгиланган тартибда, Тошкент шаҳри, Қумариқ кўчаси, 24-уй манзили бўйича 14,1 гектар майдонда жойлашган “Ўрта Осиё Транс” АЖ бинолари ва иншоотларини;

белгиланган тартибда, “Euroasia Transportation and Logistics Company” МЧЖ ХКга тегишли бўлган 200 та автопоездларни (тягачлар ва яримтиркамаларни) баҳоланган нархлар бўйича;

2 йил давомида “Urumqi Kailingda International Trade Co, LTD” компанияси томонидан 10 млн. АҚШ доллари миқдоридаги пул маблағлари ёки транспорт воситаси мулкларини қўшимча улуш сифатида ўтказиш ҳисобига “Silk Road International” МЧЖ ҚКнинг устав капиталини ошириш;

в) “Ўрта Осиё Транс” АЖнинг “Silk Road International” МЧЖ ҚК устав капиталидаги давлат улушини Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ишончли бошқарувига бериш.

“Silk Road International” МЧЖ ҚКни халқаро ташувларни ташкил этувчи ва амалга оширувчи миллий оператор сифатида белгиланиши мумкин.

Миллий операторнинг асосий вазифалари сифатида қуйидагилар белгиланади:

халқаро йўналишларда юкларни барча турдаги транспортларда ташиш;

халқаро мультимодал ташувларни ташкиллаштиришда транспорт-экспедиторлик хизматларини кўрсатиш учун диспетчерлик марказини ташкил этиш;

халқаро мультимодал ташувларни амалга ошириш ва ривожлантириш;

миллий ташувчиларнинг имкониятларидан самарали фойдаланиш, шу жумладан бўш қайтиб келадиган транспорт воситаларини қайта юклаш мақсадида халқаро ташувлар учун оператор хизматларини кўрсатиш;

ташқи иқтисодий фаолият субъектларига транспорт хизматларининг замонавий турларини жорий этиш;

халқаро ташувни ташкил этиш ва таъминлаш бўйича Ўзбекистон ташувчиларига маслаҳат хизматларини кўрсатиш;

рақобатбардошликни ошириш ва миллий ташувчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Транспорт вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига қуйидагилар бўйича таклифлар киритадилар:

“Андижон – Ош – Иркештом – Қашқар” автомобил йўлаги бўйлаб экспорт, импорт ва транзит юкларни ташиш ҳажмини ошириш;

экспорт-импорт операцияларини амалга оширишда миллий ташувчиларнинг улушини ошириш, шу жумладан экспорт-импорт шартномаларининг етказиб бериш шартларини қайта кўриб чиқиш;

ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари ўртасида юкларни жалб қилиш бўйича ишларни фаоллаштириш.

Белгилаб қўйилишича, ушбу қарорга мувофиқ бериладиган ва қабул қилинадиган активлар қиймати солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблашда солиққа тортиш объекти бўлиб ҳисобланмайди.

“Silk Road International” МЧЖ ҚК томонидан сотиб олинадиган ва қабул қилинадиган транспорт воситалари Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги органларида рўйхатдан ўтказилган тақдирда Республика йўл жамғармасига йиғимларни тўлашдан озод қилинади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид