Жамият | 21:57 / 13.03.2020
6669
4 дақиқада ўқилади

Ezgu Amal жамоат жамғармаси – энди хайриядан тушган пуллардан ҳам солиқ тўлашга мажбурмиз

Ўзбекистонда ҳар йили 800 нафардан ортиқ болаларда онкологик касалликлар аниқланади, аммо уларнинг деярли 70 фоизи зарур муолажаларни тўлиқ ололмайдилар. Айнан шундай болаларга кўмак беришни мақсад қилган "Эзгу амал" хайрия жамоат жамғармаси солиқ кодексидаги ўзгаришлар туфайли ҳар йили онкологик касалликларга чалинган 40 нафардан ортиқ бемор болаларга ёрдам бера олмай қолади.

Ezgu Amal хайрия жамғармаси дастлаб ижтимоий тармоқлардаги оддий саҳифа бўлган ва “Дунёда меҳрибон инсонлар мавжуд” (“Мир не без добрых людей”) деб номланган. Аста-секин хайрихоҳлар кўпая борган, эзгу ниятли кишиларнинг бир жамоа шаклига келиши 2018 йил 12 ноябрда шаҳар адлия бошқармасида рўйхатдан ўтиш билан жамғарма шаклида расмий мақом олган.

Ўтган давр давомида Ezgu Amal хайрия жамғармаси қатор лойиҳаларни амалга оширди, кўпчилик болажонларнинг шифо топишига сабабчилардан бири бўлди. 

Жамғарманинг 12 мартдаги таъсис йиғилишида ўтган даврнинг кичик сарҳисоби қилинди, бир йиллик молиявий ҳисоботлар ошкор этилди. 

Маълум бўлишича, ўтган йилда 3118 киши жамғармага кўмак сўраб мурожаат қилган. Ҳаммуассис Марина Кондратованинг маълум қилишича, уларнинг ҳаммасига ҳам ёрдам қилишнинг иложи бўлмаган. Чунки бунча кишига ёрдам бергудек маблағ ва ҳомийлар мавжуд эмас.

Ҳозир жамғарма тўртта йирик ҳомийларга эга. Булар “Ҳумо” хоккей клуби, Hyatt Regency Tashkent меҳмонхонаси, New Life Medical компанияси ҳамда korzinka.uz савдо тармоғи. Жамғарма вакиллари бу ҳамкорларнинг янада кенгайишига умид билдирмоқдалар.

Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда ҳар йили 800 нафардан ортиқ болаларда онкологик касалликлар аниқланади, аммо уларнинг 70 фоизи зарур муолажаларни тўлиқ ололмайдилар.

Уларга кўмак беришни мақсад қилган Ezgu Amal хайрия жамғармаси нақд пуллар билан ишламайди. Тушаётган барча хайрия пуллари махсус ҳисоб рақамда тўпланади ва фақат расмий шартномалар орқали сарфланади.

Кўпчилик компаниялар ўз майдонларида хайрия қутилари ташкил этганлар. Ёрқин мисол Anglesey Food компанияси korzinka.uz супермаркетлар тармоғидаги шаффоф қутилар орқали 500 млн. сўмдан кўпроқ маблағ тўплаб берган. 

“Бу қутилар муҳрланган, фақат комиссия иштирокида очилади ва банкка топширилиб, жамғарма ҳисоб рақамига туширилади” – деди Марина Кондратова.

Ezgu Amal бугунги кунда дуч келган энг жиддий муаммо бу янги солиқ кодекси бўлмоқда. Ҳужжатга кўра жамғарма жисмоний шахслардан тушган маблағларнинг 12 фоизи миқдорида солиқ тўлаши шарт. Шунингдек, янги кодексга кўра жамғармаларга хайрия қилган юридик шахсларга тақдим этиладиган 2 фоизли солиқ чегирмаси ҳам бекор қилинган.

Болалар қабул қиладиган кимётерапиянинг бир курси ўртача 12 млн. сўмга тушади. 12 фоизли солиқ амал қилса, ўтган йил учун 360 млн. сўм солиқ тўланиши керак. Жорий йилнинг биринчи чораги ҳам имтиёзли даврга кирган, аммо апрель ойидан кучга кирадиган солиққа тортиш тизими ўртача 40 нафар бемор боланинг керакли муолажани ололмаслигини англатади.

Жамғарма фаоллари Давлат Солиқ Қўмитасига мурожаат қилганлар, аммо қонунчиликка ўзгариш фақат йил якунида киритилиши мумкин. Ўшанда ҳам жамғармага имтиёзлар қўлланиладими ёки йўқ, бу номаълум. 

Жамғарма васийлик кенгаши аъзоси Азиза Умарова Вазирлар Маҳкамасига бу масала бўйича мурожаат қилиш таклифини билдирди.

Шунингдек тадбир давомида онкогематология шифохоналарида ўринлар етишмаслиги, бемор болаларга етарли қулайликлар яратилмаганига ҳам эътибор қаратилди.

Шифокор Камол Искандаровнинг маълум қилишича, ўтган йили Ўзбекистонда онкологик касалликка чалинган 100 минг нафар бемор борлиги қайд этилган ва уларнинг 11 минг нафардан ортиғи пойтахтда даволанишдан ўтган. Ривожланган давлатларда бош мия ўсмаларига чалинган беморларнинг 70 фоизи соғайиб кетса, Ўзбекистонда бу кўрсаткич 25-30 фоиз атрофида. 

Учрашув давомида жамғарма фаолиятини кучайтириш учун йирик компанияларни кўпроқ жалб этишга ҳаракат қилиш, хайрия ишлари бўйича кенгроқ тарғибот олиб боришга келишилди.

Аброр Зоҳидов
Тайёрлаган Аброр Зоҳидов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид