Ўзбекистон | 11:19 / 13.03.2020
4140
2 дақиқада ўқилади

Сенатда элчилар ҳисоботи эшитилди

Айрим дипломатик миссиялари раҳбарларининг фаолиятида жиддий камчиликлар қайд этилди

Фото: Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати

2020 йил 12 март куни Олий Мажлис Сенати Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитасининг кенгайтирилган мажлисида Европа мамлакатларидаги Ўзбекистон дипломатик ваколатхоналари раҳбарларининг ҳисоботлари эшитилди.

Сенат ахборот хизматига кўра, Европа мамлакатларидаги Ўзбекистон дипломатик миссиялари раҳбарлари томонидан хорижий мамлакатлар билан икки томонлама муносабатларни ривожлантириш бўйича “йўл хариталари”ни ижро этиш юзасидан амалга оширилган ишлар, шу жумладан экспортни кенгайтиришга, инвестицияларни жалб қилишга ва республика ҳудудларига туристлар оқимини оширишга қаратилган аниқ лойиҳаларни амалга ошириш тўғрисидаги ҳисоботлари тақдим этилди.

Ўтказилган муҳокамада дипломатик миссияларнинг барча масалалари ва устувор вазифалари кўриб чиқилди, уларнинг фаолиятига танқидий баҳо берилди ҳамда хорижда республиканинг иқтисодий манфаатларини тарғиб қилишдаги тизимли камчиликлар кўрсатиб берилди.

Мамлакат ҳудудларида айрим инвестиция лойиҳаларини амалга оширишдаги камчиликларга алоҳида эътибор қаратилди.

Мажлисда Ўзбекистоннинг қатор элчихоналари фаолияти кучайтирилганлиги қайд этилди. Шу билан бирга, айрим дипломатик миссиялари раҳбарларининг фаолиятида жиддий камчиликлар ва амалий натижалар йўқлиги қайд этилди.

Дипломатик ваколатхоналар раҳбарларига батафсил тавсиялар берилди ва улар олдига ўз фаолияти натижадорлигини ошириш бўйича аниқ вазифалар қўйилди.

Мажлис якунлари бўйича Олий Мажлис Сенати Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитасининг тегишли қарори қабул қилинди.

Мавзуга оид