Жаҳон | 22:20 / 13.03.2020
39626
10 дақиқада ўқилади

Европа вирус ўчоғига айланди, Россия ЕИ билан авиаалоқани чеклади. Сўнгги маълумотлар

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти раҳбари Тедрос Адханом Гебрейесус янги COVID-19 коронавируси пандемияси ўчоғи Европа давлатларига кўчганини эълон қилди.

Фото: Reuters

Женевада ўтказилган матбуот анжуманида у бундан буён Европа давлатларида бошқа давлатлардагига қараганда (Хитой истисно) кўпроқ зарарланиш ҳолатлари ва ўлим ҳолатлари кузатилиши кутилаётганини қайд этган.

Гебрейсус айни вақтда ЖССТ ҳисоб-китобларига бутун дунё бўйлаб вирусдан зарарланганлар сони 130 мингдан ошиб кетганини қайд этган.

Бошқа маълумотларга кўра эса бутун дунё бўйлаб коронавирус билан касалланганлар сони 140 минг кишидан ошиб кетди. Улардан 70 мингдан ортиғи даволанишга муваффақ бўлди, 5123 нафари вафот этган. 

Вируснинг энг йирик ўчоқлари Хитой (81 минг ҳолат, 2177 ўлим), Италия (15,1 минг ҳолат, 1016 ўлим), Эрон (11,3 минг ҳолат, 514 ўлим), Жанубий Корея (7,9 минг ҳолат, 71 ўлим) бўлиб қолмоқда.

Шунингдек, Испания (4334 ҳолат, 122 ўлим), Германия (3481 ҳолат, 8 ўлим), Франция (2876 ҳолат, 51 ўлим), АҚШ (1840 ҳолат, 41 ўлим) ва Швейцария (1137 ҳолат ва 9 ўлим) давлатларида ҳам вирус тарқалиши тезлашмоқда.

Украина ташқи дунёдан ёпилмоқда

 

GETTY IMAGES

48 соатдан кейин Украина барча хорижликлар учун мамлакат ҳудудига киришни тақиқлайди.

Украина миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби Алексей Даниловнинг маълум қилишича, бундай тақиқ икки ҳафтага жорий этилган. Икки ҳафтадан кейин муддат узайтирилиши ҳам мумкин.

«Мамлакатимизда коронавирус бўйича ҳеч қандай ёмон ҳолат рўй бергани йўқ», - деган у ва украинларни ваҳимага тушмасликка чақирган.

Унинг сўзларига кўра, хориж давлатларида бўлган Украина фуқаролари ватанга қайтишлари мумкин, аммо «коронавирус авж олган» мамлакатлардан келувчилар жиддий текширувдан ўтказилади. У украинларни хорижга сафар қилишдан тийилиб туришга, шунингдек, мамлакат бўйлаб ҳаракатланишни ҳам камайтиришга чақирган.

Алексей Данилов ўтказаётган брифинг вақтида мамлакатда коронавируснинг илк қурбони қайд этилди. Житомир областида 71 ёшли аёл вафот этди, у яқинда Польшадан қайтганди. У Украинада жума куни ҳолатига кўра, коронавирус ташхиси қўйилган уч кишидан бири эди.

Чоршанба куни Украинанинг бутун ҳудудида 3 ҳафталик карантин жорий этилганди - бу 3 апрелга қадар давом этади.

Мамлакат ҳудудидаги барча таълим муассасалари ёпилган - боғчалардан тортиб олий таълим муассасаларигача. Шунингдек, оммавий тадбирлар ўтказиш бекор қилинган.

Бундан ташқари, украин ҳукумати чегаралардаги ўтказиш пунктларининг катта қисмини ёпган, Италия билан авиақатновлар бекор қилинган.

Россияда янги беморлар ва ЕИ билан авиақатновлар чекланиши

VALERY SHARIFULIN/TASS

Россияда 13 март куни яна 11 кишида Covid-19 коронавирус инфекциясидан зарарланиш ҳолати қайд этилди ва беморларнинг жами сони 34 нафардан 45 нафарга етди.

Москвада яна 5та янги ҳолат, Петербургда 3, Москва ва Ленинград областларида, шунингдек, Перм ўлкасида биттадан ҳолат қайд этилган.

Беморларнинг аксари сўнгги кунларда вирус авж олган мамлакатлардан - Италия, Франция ва Австриядан Россияга келишган. Бир киши вирусни Россиянинг ўзида бошқа бемордан юқтирган. Бундан аввалги ҳолатларнинг барчаси Хитой ва Италия билан боғлиқ эди.

«Беморлар Россия Федерацияси ҳудудида алоқада бўлган одамлар гуруҳи аниқланди. Улар тиббий кузатув остида бўлиб туришибди. Лаборатория текширувлари ўтказилади», дейилади махсус штаб маълумотида.

12 март куни Россияда олтита янги ҳолат аниқланганди - тўрт ҳолат Москвада, Калининград ва Краснодар ўлкасида биттадан. Зарарланганларнинг уч нафари Москвага Италиядан келган. Эндиликда пойтахт Москвада вирусдан зарарланганлар сони 24 нафарни ташкил қилмоқда.

Петербургда янги коронавирусдан зарарланишнинг 5 ҳолати қайд этилган. «Улардан бири - ўн ёшли бола. Уларнинг барчаси хориждан келишган», - деган губернатор Александр Беглов журналистларга.

Жума куни Беглов ўз фармони билан Петербургда «юқори шайлик ҳолати» эълон қилди. Бундай режим бир ҳафта муқаддам Москвада жорий этилганди, 12 март кунидан эса Москва вилоятида ҳам шундай режим кучга кирди.

Ҳозирга қадар Россия ҳудудида вирус юқтиргани қайд этилган беморларнинг уч нафари соғайиб кетган. Буларнинг икки нафари Хитой фуқаролари, уларга февраль ойидаёқ жавоб берилганди, яна бир москвалик март ойи бошида шифохонадан чиқди.

Москвада айни вақтда хориждан қайтган 13 мингдан ортиқ киши бор, улар мэр Сергей Собяниннинг қарори билан жорий этилган режим бўйича ўз яшаш жойларида иҳоталанган ҳолда яшашмоқда. Пойтахт шаҳар вице-мэри Анастасия Ракованинг маълум қилишича, 5 мингдан ортиқ киши касаллик таътили олиш тўғрисида мурожаат қилган.

Россия 16 март кунидан Европа Иттифоқи давлатлари, шунингдек, Швейцария ва Норвегия билан авиақатновларни чеклайди. Фақат пойтахтга 4та доимий рейслар ва чартер рейслар сақлаб қолинади.

Чартер рейсларда ЕИ ҳудудига фақат ушбу ҳудуддаги давлатлар ва бошқа давлатлар фуқаролари учиши мумкин, Россияга эса фақат россияликлар қайтади.

Қолган барча рейслар Москвадаги Шереметьево аэропортининг F терминалига ўтказилади.

Россия бунгача фақат Италия билан авиаалоқани чеклаган, Римга фақат «Аэрофлот» самолётлари учадиган бўлганди.

Қозоғистондаги вазият

Иллюстратив фото ©Турар Казангапов

Бугун Ўзбекистонга қўшни Қозоғистонга ҳам коронавирус кириб келгани расман эълон қилинди.

«Афсуски, қайта текширилган бугунги маълумот шундан далолат бермоқдаки, коронавирус тести натижаси ижобий бўлган. Бу Германиядан келган беморларда топилди»,  деди мамлакат соғлиқни сақлаш вазири Елжан Биртанов. 

Кейинроқ Италиянинг Милан шаҳридан қайтган аёлда ҳам коронавирус борлиги тасдиқланди. Шунингдек, айни вақтда Германияда бўлиб турган қозоғистонлик дипломатнинг отасида коронавирус аниқланган.

Айни вақтда Германия ва Италиядан келган беморлар билан бирга учган бошқа йўловчилар ҳам текширилмоқда. Рейслардан бирининг йўловчилари тўлиқ карантинга жойлаштирилган.

Қозоғистон ҳудудида коронавирусга чалинган шахслар билан алоқада бўлганларни қидириб топиш чора-тадбирлари кўрилмоқда.

Вазир коронавирус инфекцияси тарқалиши ҳақидаги маълумотни яширган шахслар учун жиноий жавобгарлик кўзда тутилганини эслатиб ўтган.

«Биз барчамиз тўғри тушунишимиз керак: бу юқадиган касаллик, ҳаёт учун хавфли. Афсуски, жуда тез тарқалади. Аммо бу барчани ўлдирадиган касаллик эмас! Оддий инфекцион касаллик. Шунинг учун уйга яшириниб олиб, қўрқиб ўтиришга ҳожат йўқ. Хавфсизлик чораларини кўриш, гигиенага амал қилиш керак. Бизда уй ҳолатида карантин қоидаларни бузганлик учун жарималар бор - 5 ЭКИҲ, бу 13 минг тенгедан кўпроқ», деган Биртанов. 

Унинг сўзларига кўра, карантин қоидаларини бузган ва коронавирус ҳақидаги маълумотларни  яширган қозоғистонликларни жиноий жавобгарлик ва қамоқ кутади. 

«Ваколатли органлар ходимларига қаршилик кўрсатган ҳолда карантин қоидаларини бузганларга қўшимча маъмурий чоралар кўрилади. Ҳибсга олиш ҳам мумкин. Агар бошқа одамларга вирус юқтирган бемор ўз касаллигини яширган бўлса, қонунчиликка кўра жиноий иш қўзғатилади, жиноий жавобгарлик келиб чиқади», - деган вазир.

Британияда янги чоралар

EPA

Буюк Британия ҳукумати коронавирусга қарши янги чоралар кучга кирди. Мамлакат бош вазири Борис Жонсон Британияда касалликка қарши кураш кейинги босқичга ўтгани ҳақида маълум қилди.

Вирусни ушлаб туриш босқичи якунланган, экспертлар вирус кенг тарқалиб, аҳолининг катта қисмини қамраб олиши эҳтимолини тан олишган.

Сўнгги маълумотларга кўра, Британияда касалликни юқтириб олишнинг 798 ҳолати қайд этилган, 10 киши вирус қурбони бўлган. Мамлакатда 30 мингдан ортиқ киши коронавирусни аниқлаш бўйича тест топширган.

Мутахассислар ва ҳукумат аъзолари расмий рақамлар - айсбергнинг учигина бўлиши мумкинлигини тасдиқлашмоқда. Бошқа давлатларда бўлгани каби, беморларнинг кўпчилиги енгил симптомларни бошдан кечираётгани туфайли шифохонага бормасдан, вирусни оёқда юриб ўтказаётган бўлишлари мумкин. Аммо улар инфекция ташувчи бўлишмоқда.

Шу туфайли, Британияда вирусдан зарарланганларнинг ҳақиқий сони 5-10 минг атрофида бўлиши мумкинлиги айтилмоқда. Экспертларнинг қайд этишича, айни вақтда мамлакатдаги ҳолат Италиядаги тўрт ҳафта олдинги ҳолат кабидир (Апеннин яриморолида вирусдан ҳалок бўлганлар сони мингдан ошиб кетди).

«Бу бизнинг авлодимизнинг соғлиқни сақлаш соҳасидаги энг оғир дамларидир», - деди Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон яқин ойлар ичида вирус дунёда ва Британияда тарқалишда давом этишини қайд этиб.

AFP

«Бу эпидемия якунлангунича кўплаб оилалар ўзларининг севимли инсонларидан айриладилар», - дея қўшимча қилган ҳукумат раҳбари.

Касалликнинг енгил белгилари кузатилаётган фуқароларга ҳам камида 7 кун давомида иҳоталаниш тавсия этилмоқда. Ёши катта одамларга яқин ҳафталар мобайнида кўчага чиқмаслик тавсия этилган.

Мактаблар ҳозирча ёпилмаган, аммо вазиятга қараб бундай чора ҳам кўрилиши мумкин. Мактаблар учун хорижларга сафарлар уюштириш тақиқланган. Сурункали касаллиги бор фуқаролардан ҳам сафарларга чиқмаслик сўралмоқда.

Италиядаги вазият
Италияда коронавирус 1016 кишини ҳаётдан олиб кетди - сўнгги бир кун ичида 188 киши вирус туфайли оламдан ўтган. Вирус тарқалишни бошлаганидан буён мамлакатда жами 15 113 кишида вирус қайд этилган.

Мамлакат Ташқи ишлар вазири Луиджи Ди Майо Италия эпидемияни енгиб ўтадиган Европадаги илк давлат бўлишига умид билдирган. 

«Италия вирус кенг тарқалган Европадаги илк давлат бўлди. Аммо мен умид қиламанки, бу Италия вирусни биринчи бўлиб енгишини ҳам англатади», деган у.

Унинг сўзларига кўра, қўлланган чоралар, хусусан, «қизил ҳудудлар»ни белгилаб олиш ва вирус илк бор тарқалган шаҳарларни ёпиб қўйиш натижа берган.

Мамлакат шимолида фавқулодда ҳолат жорий этилганидан икки ҳафта муддат ўтиб, бу ерларда янги ҳолатлар қайд этилмаяпти.

Айни вақтда бу давлатга хитойлик мутахассислар гуруҳи ҳам ёрдамга етиб келган.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид