Ўзбекистон | 09:39 / 14.03.2020
4618
3 дақиқада ўқилади

Сенат фаолиятида янги амалиёт жорий этилади

Сенат ялпи мажлисида Самарқанд вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожланиши билан боғлиқ республика даражасида ҳал этиладиган масала тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари иштирокида муҳокама этилиши мўлжалланган

Фото: Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати

2020 йил 13 март куни Олий Мажлис Сенати кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда Сенат ахборот хизмати хабар бермоқда.

Мажлисда президент томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббусни амалиётга жорий этиш самарадорлигини ошириш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.

Қайд этилишича, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги Ўзбекистон ёшлар иттифоқи билан биргаликда икки ой муддатда ҳар бир ҳудуд бўйича уюшмаган ёшларнинг рўйхатини шакллантириб, маълумотлар базасини яратиши ҳамда бешта муҳим ташаббуснинг ҳар бир йўналишига масъул бўлган вазирлик, идораларга тақдим этиши лозим бўлади. Олий Мажлис Сенатининг барча қўмиталари зиммасига маҳаллий кенгашлар билан биргаликда Концепцияда ҳамда Дастурда белгиланган вазифалар ижросини назорат қилиб бориш, шунингдек ушбу йўналишда амалга оширилаётган ишларни танқидий ўрганилишини, зарур ҳолларда амалий ёрдам кўрсатилишини таъминлаш вазифалари юклатилди. Бундан ташқари, ҳар бир йўналиш бўйича тегишли вазирликларнинг ҳисоботларини Сенатнинг ялпи мажлисларида эшитиб бориш амалиётини йўлга қўйиш лозимлиги қайд этилди.

Шунингдек, кенгаш мажлисида Самарқанд вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида амалга оширилган ишларни ўрганиш якунлари кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, Олий Мажлис Сенатининг Маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссиясининг таклифига кўра Олий Мажлис Сенатининг навбатдаги ялпи мажлисида Самарқанд вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолияти самарадорлигини ошириш борасидаги ишлар ҳақида Самарқанд вилояти ҳокимининг ҳисоботини эшитиш режалаштирилган.

Ушбу масала доирасида ишчи гуруҳ томонидан жорий йилнинг 2–7 март кунлари Самарқанд вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида амалга оширилган ишлар ўрганилди. Ўрганиш якунлари Сенатнинг Маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссияси томонидан халқ депутатлари Самарқанд вилоят кенгашида биргаликда кўриб чиқилиши ҳамда аниқланган муаммоларни бартараф этиш чора-тадбирлар ва “йўл хариталари” ишлаб чиқилиши назарда тутилган. Сенатнинг ялпи мажлисида эса Самарқанд вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожланиши билан боғлиқ республика даражасида ҳал этиладиган масала тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари иштирокида муҳокама этилиши мўлжалланган. Шу тариқа Сенат фаолиятида янги амалиёт жорий этилади.

Сенат кенгаши мажлисида ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларнинг турмуш шароитларини яхшилаш ва бу борадаги мавжуд муаммоларни ҳал этиш борасида амалга оширилаётган ишларнинг ҳолати тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилди.

Сенат кенгаши мажлисида Ўзбекистон Республикасининг айрим давлатларидаги элчиларини тайинлаш билан боғлиқ масалалар ҳам кўриб чиқилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид