Жаҳон | 20:39 / 15.03.2020
5646
1 дақиқада ўқилади

Германия Франция, Австрия ва Швейцария билан чегараларни ёпади

Германия 16 мартдан Франция, Австрия ва Швейцария билан чегараларни ёпади. Бунга нафақат коронавирус тарқалишини тўхтатиш, балки хорижликлар томонидан Германияда озиқ-овқат маҳсулотлари ва биринчи эҳтиёждаги буюмларнинг оммавий равишда сотиб олиниши олдини олиш сабаб ҳисобланади.

Фото: EPA

Бу ҳақда ўз манбаларига таяниб Bild нашри хабар берди.

Маълум қилинишича, ушбу қарор Германия канцлери Ангела Меркель, ички ишлар вазири Хорст Зеехофер, Бавария, Бален-Вюртемберг ва Саар ери бош вазирлари ўртасидаги телефон суҳбати натижасига кўра қабул қилинган.  

Маълум қилинишича, ушбу қарор 16 март соат 8дан кучга киради. Чегарани кесиб ўтишга фақат юк транспорти ва бир давлатда яшаб, иккинчи давлатда ишлайдиганларга рухсат берилади.

Маълум қилинишича, чегараларда дўконларнинг “ишғол қилиниши” билан боғлиқ ҳолда келиб чиққан саросима маҳсулотлар етказиб беришда муаммоларга олиб келган.  

Аввалроқ Меркель мутахассислар маълумотларига таяниб коронавирусга қарши эмлаш ва тегишли даволаш бўлмаса, Германия аҳолисининг 60-70 фоизи вирусга чалиниши мумкинлигини айтган. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид