Ўзбекистон | 12:18 / 16.03.2020
3156
5 дақиқада ўқилади

Ангрен шаҳри комплекс ривожлантирилади

Ангрен шаҳрини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари қабул қилинди

Фото: toshvil.uz

Вазирлар Маҳкамасининг “2020-2022 йилларда Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳрини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Қуйидагиларни ўз ичига олувчи 2020-2022 йилларда Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳрини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари дастури:

2020-2022 йилларда Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳрини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари дастурининг молиялаштириш манбалари;

саноат, хизматлар, сервис ва савдо соҳаларида, аввал хусусийлаштирилган бўш турган бинолар негизида амалга ошириладиган лойиҳаларнинг манзилли рўйхати, давлат ташкилотларига тегишли бўлган бўш турган бино ва иншоотлардан самарали фойдаланган ҳолда улар негизида ижтимоий соҳа объектларини ташкил этиш тадбирлари;

муҳандислик-коммуникация, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш инфратузилмасини жадал ривожлантириш ҳамда аҳолининг турмуш шароитини яхшилашга замин яратувчи комплекс тадбирлар;

ижтимоий соҳа объектларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, хизматлар сифати ҳамда қамровини кескин ошириш бўйича комплекс тадбирлар;

кўп квартирали уй-жойларни таъмирлаш, экологик муҳитни яхшилаш, ободонлаштириш, шаҳар аҳолисига муносиб яшаш шароитини яратиш бўйича комплекс тадбирлар;

Ангрен шаҳрида таълим сифатини ошириш, соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш, маданий-маърифий соҳада аҳоли фаоллигини ошириш, аҳолини спортга кенг жалб этиш ҳамда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўйича комплекс тадбирлар режаси тасдиқланди.

Дастурни амалга оширишнинг устувор йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланди:

шаҳарни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан янада ривожлантириш, аҳолининг, хусусан, хотин-қизлар, ёшлар ва кам таъминланган фуқаролар бандлигини таъминлаш орқали уларнинг даромадлари ва турмуш даражасини ошириш;

янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш, мавжуд ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилиш орқали саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш;

аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш ва оилавий тадбиркорликни янада ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш;

муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш, шу жумладан ички йўлларни ва ижтимоий соҳа объектларини реконструкция қилиш ва қайта таъмирлаш, аҳолининг тоза ичимлик суви, табиий газ, электр энергияси билан таъминланганлик даражасини ошириш;

шаҳарда экологик муҳитни яхшилаш, унинг аҳоли саломатлигига салбий таъсирини камайтириш чораларини кўриш, кўкаламзорлаштириш, манзарали дарахт кўчатларини экиш ва яшил майдонлар, гулзорлар ташкил этиш тадбирларини амалга ошириш;

ижтимоий соҳа муассасалари ҳолатини яхшилаш, биноларини таъмирлаш, ҳудудларини ободонлаштириш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, аҳолига кўрсатиладиган хизматлар сифатини тубдан ошириш;

аҳолига тиббий хизматлар кўрсатиш сифатини ошириш, замонавий тиббий хизмат кўрсатиш клиникалари ва ташхис марказларини барпо этиш;

аҳолининг маънавияти ва маданиятини янада юксалтириш борасида тизимли тадбирларни амалга ошириш.

Қуйидагилар:

а) Тошкент вилояти ҳокимлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги ва Қурилиш вазирлигининг лойиҳа ташаббускорларини жалб этган ҳолда, Ангрен шаҳар “Кимёгар” маҳалласида жойлашган, қурилиши тугалланмаган ва техник жиҳатдан яроқсиз ҳолдаги учта кўп қаватли ётоқхона биносини белгиланган тартибда бузиб, бўшаган ҳудудда Ангрен шаҳрининг бош режасига мувофиқ 2020 йилда замонавий турар жой комплексларини қуриш;

б) Тошкент вилояти ҳокимлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Маданият вазирлиги, Қурилиш вазирлиги ҳамда Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг илғор хорижий тажриба асосида хорижий инвесторларни жалб этган ҳолда, Ангрен шаҳридаги А. Навоий номли маданият ва истироҳат боғи (36 гектар) негизида замонавий истироҳат боғи ҳамда “Охунбобоев” номли истироҳат боғи (48 гектар) негизида замонавий экопарк барпо этиш;

в) “Олмалиқ КМК” АЖнинг Ангрен шаҳри, “Тараққиёт” маҳалласи, Ўзбекистон мустақиллиги кўчасида жойлашган Болалар-ўсмирлар спорт мактабига тегишли бўлган “Дельфин” ёпиқ сув ҳавзасини реконструкция қилиш ишларини ўз маблағлари ҳисобидан беғараз амалга ошириб, 2020 йилнинг биринчи ярим йиллигида фойдаланишга топшириш;

г) Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги, Тошкент вилояти ҳокимлигининг Ангрен шаҳри, Оҳангарон кўчаси, 64-уй манзилида жойлашган бўш турган собиқ руҳий асаб касалликлари шифохонаси биносини:

хорижий инвесторга (“Hitit Social Tesisler Soglik Insaat Tigaret”) “Нефрология ва кўп тармоқли клиника” тиббий марказини ўз маблағлари ҳисобига ташкил қилиш учун “ноль” харид қийматида сотиш;

хорижий инвестор томонидан икки йил муддатда 4 млн АҚН1 доллари эквивалентидаги инвестиция киритиш ҳамда камида 5 йил давомида тиббий хизмат кўрсатиш йўналишини сақлаб қолган ҳолда фаолият кўрсатиш тўғрисидаги таклифлари маъқулланди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид