Иқтисодиёт | 10:15 / 16.03.2020
15312
2 дақиқада ўқилади

Хитойда 30 йил ичидаги энг ёмон иқтисодий кўрсаткичлар қайд этилди

Reuters маълумотларига кўра, саноат ишлаб чиқаришининг пасайиши таҳлилчилар кутганидан ҳам жиддийроқ бўлди

Фото: Xiong Qi / Xinhua / AP

Жорий йилнинг дастлабки икки ойида Хитойда саноат ишлаб чиқариш ҳажми пасайиши сўнгги 30 йил ичидаги энг жиддийси бўлди, дея хабар беради Reuters агентлиги ХХР расмийлари эълон қилган статистикага асосланиб.

Уларга кўра, январь-февраль ойларида саноат ишлаб чиқариш ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 13,5 фоизга пасайди. 2019 йил декабрь ойида, мамлакатда коронавирус билан оғриган беморлар умуман аниқланмаганида, бу кўрсаткич 6,9 фоизга ўсганди.

Reuters’нинг таъкидлашича, статистик кўрсаткичларнинг пасайиши кутилганидан кўпроқ бўлди. Энг катта муаммолар савдо (20,5 фоизга пасайиш), асосий капиталга инвестициялар (-24,5 фоиз) соҳаларида қайд этилди.

Январь-февраль ойларида Хитойдан экспорт 17,2 фоизга камайди.

Хитой расмийларининг мамлакатда коронавирус тарқалиши бўйича жиддий вазият ортда қолгани тўғрисидаги баёнотларига қарамай, таҳлилчилар ХХР иқтисодиёти нормал ҳолатга қайтиши учун яна бир неча ой керак бўлишини таъкидламоқда. Бундан ташқари, дунё бўйлаб инфекциянинг тарқалиши глобал рецессияга олиб келиши эҳтимоли мавжуд, бу эса Хитой товарларига бўлган талабга салбий таъсир қилади. Бироқ, Хитойнинг ўзи коронавируснинг таъсири қисқа муддатли бўлиши ҳамда расмийлар томонидан кўрилган қатъий чоралар мамлакатдаги вазиятни тезда тиклаши ҳақида баёнот берди

Аввалроқ, JPMorgan глобал рецессия хавфи ҳақида огоҳлантирганди.

Мавзуга оид