13:00 / 14.03.2020
34841
Коронавирус: JPMorgan глобал рецессия хавфи ҳақида огоҳлантирди

Банк прогнозига кўра, учинчи чоракда АҚШ ва Европа ялпи ички маҳсулоти 3 фоиздан кўпроққа пасаяди, мавжуд вазият эса глобал инқирозга олиб келади. JPMorgan бу ҳолат жорий йилнинг июль ойидаёқ бошланишини кутмоқда

Фото: Kazuhiro Nogi/Agence France-Presse — Getty Images

2020 йил ёзида АҚШ ва Евроиттифоқ мамлакатлари иқтисодиёти коронавирус таъсири туфайли сезиларли рецессияга дуч келиши мумкин. Бу ҳақда Business Insider JPMorgan’нинг баёнотига асосланиб ёзмоқда.

Банкнинг таъкидлашича, вируснинг иқтисодиётга қандай таъсир қилиши ҳақидаги тахминлар инфекция тарқалиши (ЖССТ маълумотларига кўра, 120дан ортиқ мамлакатда касаллик аниқланган) ва фонд бозорида вужудга келган инқироз туфайли «сўнгги ҳафталарда сезиларли даражада ўзгарган».

JPMorgan прогнозига кўра, биринчи чоракда АҚШ ялпи ички маҳсулоти 2 фоизга, иккинчи чоракда 3 фоизга, евроҳудуд иқтисодиёти эса мос равишда 1,8 ва 3,3 фоизга пасайиши мумкин. Иқтисодчилар фикрича, ҳозирги вазият глобал инқирозга олиб келиши мумкин.

Еврокомиссиянинг иқтисодиёт ва молия департаменти раҳбари Мартен Вервей ҳам Евроиттифоқ ва евроҳудудда ўсиш юз бермаслигининг эҳтимоли юқори эканини таъкидлаб, «бу нолдан ҳам пастроқ бўлиши мумкин» деб қайд этди. Унинг тахминига кўра, Европа шу йилдаёқ рецессияга дуч келади, 2021 йилда эса Еврокомиссия нормал кўрсаткичлар қайтишини кутмоқда, дея унинг сўзларини келтирган Брюсселнинг Euobserver нашри.

JPMorgan мутахассислари инфекциянинг тарқалишига қарши курашиш доирасида ҳукуматлар томонидан жорий этилаётган чеклов чоралари фонида ўсиш кўрсаткичларини пастга қараб қайта кўриб чиқди. Хусусан, уларнинг ҳисоботида Италия тилга олинган, у ерда оммавий тадбирлар тақиқлаб қўйилди, шунингдек, озиқ-овқат дўконлари ва дорихоналардан ташқари, барча ресторан, бар ва чакана савдо дўконлари вақтинча ёпилди. Шунингдек, улар бир ой давомида Европадан сафарларни тақиқлаган АҚШни мисол қилиб келтирди. Бундан ташқари, молия бозорларидаги тебранишлар ва акциялар нархининг тушиши кейинги икки чоракда иқтисодий пасайишга туртки беради.

JPMorgan’нинг кутишича, коронавирус билан боғлиқ вазият яхшилангани билан иқтисодиётда тикланиш фақат 2020 йил ўрталарига келиб рўй бериши мумкин, йилнинг иккинчи ярмида ўсиш тезлаша бошлайди, дея баёнотдан иқтибос келтирган CNBC. Банк фикрича, дунё иқтисодиётига янада жиддий зарба берилишининг олдини олувчи асосий омил давлатларнинг коронавирус тарқалиши олдини олиш бўйича чоралари бўлади. Ҳукуматлар, JPMorgan’га кўра, энг кўп зарар кўрган тармоқларни қўллаб-қувватлаши, молия бозорида кескинликни камайтириши ва пул сиёсати орқали истеъмолчилар талабини қўллаб-қувватлаши керак.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) 11 март куни коронавирус тарқалиши билан боғлиқ вазиятни пандемия деб эълон қилди. South China Morning Post ҳисоб-китобларига кўра, 13 мартга келиб 141 мингдан ортиқ одам касалликка чалинган. Bloomberg прогнозига кўра, коронавирусдан иқтисодиётга етиши мумкин бўлган зарар 2,7 триллион долларни ташкил қилади. 

Мавзу
Коронавирус
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Top