Ўзбекистон | 10:55 / 17.03.2020
16635
4 дақиқада ўқилади

Олтинсой тумани бўйича ҳукумат қарори қабул қилинди

2020-2022 йилларда Сурхондарё вилоятининг Олтинсой туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари қабул қилинди

Фото: KUN.UZ

Вазирлар Маҳкамасининг “2020-2022 йилларда Сурхондарё вилоятининг Олтинсой туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Қуйидагиларни ўз ичига олувчи 2020-2022 йилларда Сурхондарё вилоятининг Олтинсой туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури тасдиқланди:

Олтинсой туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурининг мақсадли параметрлари ва молиялаштириш манбалари;

саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантириш бўйича инвестиция лойиҳаларининг манзилли рўйхати;

йўл инфратузилмасини такомиллаштириш, ичимлик ва оқова сув, электр энергияси, табиий газ ҳамда алоқа тармоқларини реконструкция ва модернизация қилиш бўйича манзилли дастур;

ижтимоий соҳа объектларини янгидан қуриш, инфратузилмани ривожлантириш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш бўйича манзилли дастур;

ирригация ва мелиорация тизимларини яхшилаш бўйича амалга ошириладиган ишлар рўйхати;

кўп қаватли уй-жойларни таъмирлаш ва атрофини ободонлаштириш бўйича амалга ошириладиган ишлар рўйхати;

самарасиз эскирган узумзорлар ўрнига интенсив узумзорлар ташкил этиш дастури;

самарасиз эскирган боғлар ўрнига янги интенсив боғлар ташкил этиш дастури.

Қуйидагилар Дастурни амалга оширишнинг асосий устувор йўналишлари этиб белгиланди:

туманни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан янада ривожлантириш, аҳолини, хусусан, хотин-қизлар, ёшлар ва кам таъминланган оилаларнинг бандлигини таъминлаш орқали уларнинг даромадлари ва турмуш даражасини ошириш;

мева ва сабзавот ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, самарасиз, эскирган боғ ва узумзорларни янгилаш, агрокластерлар ташкил этиш орқали қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш ва уларнинг экспорт ҳажмларини ошириш;

янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш, мавжуд ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилиш орқали саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмларини кўпайтириш;

аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш ва оилавий тадбиркорликни янада ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш;

муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш, шу жумладан, ички йўлларни ва ижтимоий соҳа объектларини реконструкция қилиш ва қайта таъмирлаш, аҳолининг тоза ичимлик суви, табиий газ ҳамда электр энергияси билан таъминланганлиги даражасини ошириш;

суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни кўпайтириш ва уларни қайта ишлаш даражасини ошириш ишларини жадал ривожлантириш.

Сув хўжалиги вазирлиги Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги, Сурхондарё вилояти ҳокимлиги билан биргаликда Олтинсой туманининг “Хидиршо” ва “Обшир” маҳалла фуқаролар йиғинлари марказига “Ҳазарбоғ” каналидан 250-300 л/сек сув чиқариш қувватига эга янги насос станцияси қуриш ишларини халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобига молиялаштириш масаласини жойида ўрганиб чиқиб, натижаси бўйича Вазирлар Маҳкамасига асосланган таклиф киритади.

Сурхондарё вилояти ҳокимлиги “Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки” акциядорлик жамияти, “Асака” ва “Микрокредитбанк” акциядорлик тижорат банклари билан биргаликда Олтинсой туманида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагини билдирган фуқаролар, шу жумладан, боғдорчилик ва узумчиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари ҳамда тадбиркорлик субъектларининг самарали фаолият юритишлари учун банк ва консалтинг хизматларини кўрсатадиган банк хизматлари офисларини ташкил этиш чораларини кўради.

Мавзуга оид