Чорак асрки «миллий ғуруримиз», «миллий брендимиз» деган ном остида халқнинг «қонини ичиб» келган автосаноатимизни хонадонларимиз эшикларини тақиллатиб, «арзонгина машиналар бор ака, илтимос, олинглар бошланғич 10 фоизини тўласангиз бўлди, қолганини 5 йилда фоизсиз бўлиб тўлайсиз», дейдиган даражага тушириш имконияти пайдо бўлмоқда.

Бунинг учун бутун халқ, қонуншуносларимиз енг шимариб ишга киришса, ҳукумат бу «чириган оғриқ тиш»дан воз кечишга қарор қилса бўлгани.

Йиллар давомида «миллий брендимиз»нинг сақлаб туриш учун адоғи йўқ субсидиялар, саноқсиз имтиёзлар бугунги кунга келиб абас кетганига гувоҳ бўлиб турибмиз.

Одамлар битта автомобиль олиш учун йиллаб, мисқоллаб пул йиғишади. «Дамас» олиб юк ташиб тирикчилик қиламан, рўзғор тебратаман, дея хорижда ишлаётганлар қанчадан қанча! Бу ахир одамларни очиқ-ойдин хўрлаш эмасми?

Ўзи не мақсадларда очилган эди бу автозавод? Халқимизни арзон машиналар билан таъминлаш, миллионлаб инсонларнинг орзусини ушалтириш, қолаверса хорижга валюта чиқиб кетишининг олдини олиш учун эмасмиди?

Лекин амалда нимани кўрмоқдамиз? Бир гуруҳ одам автосаноатни миллат бошига кулфат даражасига келтириб бўлишмадими?

Халқ учун барча танлов эшикларини беркитган, мутлақ монополист бўлган заводнинг ҳеч қачон ошкор қилинмайдиган яширин олди-бердиларини амалга ошираётганларни ким деб аташ мумкин?

Ўзингиз ўйланг: завод тўлиқ давлатники бўлса, у хориждан ёки ўзимиздан амалга ошираётган харидлар давлат харидлари мақомида бўлса, нега бошқа давлат харидлари шаффоф, очиқ-ошкор бўлар экан-да, буларники яширин? Хўш, кимдан нимани яширяпти булар?

Миллат номидан гапирадиганлар: очиқланглар, қани кўрайлик, қайси эҳтиёт қисмларни қаердан неча пулга олиб келяпсизлар? Ҳисоб-китоб қилайлик. Телефонимизнинг калькуляторига солиб…

Мен ноҳақ бўлиб, буларнинг бутун тутуми ҳаппа-ҳалол бўлса, кимдан ва нимадан қўрқишади? Ошинг ҳалол бўлса — кўчада ич, деганлар!

Биламиз, қимматбаҳо эҳтиёт қисмларнинг аксарияти Жанубий Кореядан келтирилади. Қани айтингчи, ўша «запчасть»ларни неча пулдан оляпсизлар? Транспортировкаси қанчага тушяпти? Нархларини ҳам билайлик, ахир. Кореялик ҳамкасбларимизни ҳам суриштирувга қўшайлик. Қани, буларнинг ўша корейс ҳамтовоқларининг «сомонхона»си қаергача экан?

Кузов ясаладиган «Северсталь» пўлат листлари Россиядан қанчага харид қилинмоқда? 2018 йилда футбол бўйича Россия миллий терма жамоасининг ўртоқлик учрашувларидаги реклама ва ҳомийлик учун неччи миллион доллар маблағ ажратилган? У маблағлар Россиядаги сотувлар (ўзи қанча машина сотилди) ҳисобидан қопландими-қопланмадими? Ёки унинг тўловини ҳам ўзбек халқи чўнтагидан тўлаб бердими? А лаббай?!