Иқтисодиёт | 19:17 / 19.03.2020
14319
2 дақиқада ўқилади

Bank of America АҚШда иқтисодий инқироз бошланганини эълон қилди

Коронавирус эпидемияси ҳамда нефть нархларининг тушиб кетиши жаҳон фонд бозорларининг қулашига сабаб бўлди.

Фото: Getty Images

Американинг йирик инвестицион банкларидан бири Bank of America (BofA) АҚШда тўлиқ миқёсдаги иқтисодий инқироз бошланганини эълон қилди. Бу ҳақда банкнинг етакчи таҳлилчиси Мишель Мейерга таяниб CNBC хабар берди.

Унинг сўзларига кўра, Америка иқтисодиёти рецессиядан қочиб қутула олмайди, муаммоларнинг асосий сабаби эса коронавирус тарқалишидир. 

«Биз Америка иқтисодиёти дунёнинг қолган қисмига қўшилиб рецессияга тушганлигини расман эълон қиламиз ва бу жуда чуқур шўнғиш», — деб ёзади таҳлилчи.

Мейернинг прогнозига кўра, АҚШга ишсизликнинг ўсиши хавф солмоқда, истеъмолчилар ишончи йўқолди, жамғармалар эса йўқ бўлди.  

BofA меҳнат бозори истиқболларини баҳолаган ҳолда ана шундай прогноз қилди. Мейернинг ҳисоб-китобича, яқин вақт ичида АҚШда ишсизлик даражаси икки бараварга ортади, ишсизлар сони эса иккинчи чорак давомида ойига бир миллион кишига ўсиб боради.

Шу билан бирга BofA инқироз ўта кучли бўлса-да, қисқа муддатли бўлишини тахмин қилмоқда. 

Коронавирус эпидемияси ҳамда нефть нархларининг тушиб кетиши жаҳон фонд бозорларининг қулашига сабаб бўлди. Кейинги бир ярим ҳафта ичида АҚШ фонд биржалари 30 фоизга тушиб кетди, Brent нефтининг бир баррели 52,36 доллардан 25 долларга тушди. 

Мавзуга оид