Жаҳон | 22:17 / 22.03.2020
13825
2 дақиқада ўқилади

Эрон АҚШнинг ёрдам бериш таклифига шубҳа билдирди

Эрон олий етакчиси оятуллоҳ Али Хоминаий АҚШнинг коронавирусга қарши курашда Эронга ёрдам бериш таклифи “шубҳали ва таажжубли” эканини айтди. 

Али Хоминаий / Фото: ТАСС

Бу ҳақда Mehr ахборот агентлиги хабар берди.  

Аввалроқ АҚШ давлат котиби Майк Помпео Вашингтон Эронга тиббий ёрдам кўрсатишга тайёрлигини айтганди. “Бу жуда таажжубли сўзлардир”, деб айтган Хоминаий. Унинг таъкидлашича, Вашингтоннинг бу таклифи АҚШда дори-дармон тақчиллиги мавжудлиги ҳақида хабарлар тарқалаётган бир вақтда таажжублидир.    

Эрон олий етакчисининг таъкидлашича, коронавируснинг америкаликлар томонидан яратилгани ҳақида тахминлар мавжуд. “Мен бу айбловлар қанчалик ҳақиқатлигини билмайман, бироқ бундай айбловлар бор бўлганда, қайси ақли расо одам сиздан дори қабул қилади?”, деб айтган Хоминаий ва АҚШ томонидан таклиф қилинувчи дорилар Эронда вируснинг янада тарқалишига қаратилган бўлиши мумкинлигини таъкидлаб ўтган. “Сизга ишониб бўлмайди”, деб ўз сўзларини якунлаган Хоминаий.

Аввалроқ АҚШ давлат котиби Майк Помпео Эронга инсонпарварлик ёрдами АҚШ Теҳронга қарши киритган санкциялар остига тушмаслигини ва АҚШ маъмурияти Эронга дори-дармон етказиб беришга тайёрлигини айтган.

Айни вақтда АҚШда коронавирусга чалинганлар сони 30 мингдан, Эронда эса 21 мингдан ошиб кетган. 

Мавзуга оид