Жаҳон | 10:30 / 22.03.2020
29402
5 дақиқада ўқилади

Касалликка қарши кураш фақат давлатнинг иши эмас — Туркиядаги ўзбекистонлик ёшлар барчани бирдамликка чақирди

Бугунги кунда кўплаб ўзбекистонлик ёшлар таълим олаётган, кўплаб юртдошларимиз меҳнат қилаётган Туркия давлатида коронавирусга чалинганлар сони мингга яқинлашди - 947 кишида вирус аниқланган, 21 киши вафот этган.

Кun.uz’нинг Туркиядаги мухбири мазкур мамлакатда яшаётган ўзбекистонлик ёшлар билан мулоқотда бўлди. Ватандошларимиз Туркиядаги мавжуд вазият ҳақида ўз фикрларини билдирди.

Эргаш Жумаев,
ТUMED (Халқаро битирувчилар ассоциацияси) раҳбари, Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси Туркия вакили:

Эргаш Жумаев

— Мен Истанбул шаҳрида яшайман. Шу ерда докторантурани тугатдим. Айни вақтда мамлакатда коронавирус тарқалиши туфайли Туркия ҳукумати одамларга уйда қолишни тавсия қилмоқда. Италия ёки Испаниядаги каби фавқулодда ҳолат эълон қилинмаган бўлса-да, одамлардан тегишли тавсияларга қатъий риоя қилиш сўралмоқда.

Туркиядаги ёшларимиздан айни пайтга қадар мазкур вазият билан боғлиқ ҳеч қандай шикоят келиб тушмади. Мингдан ортиқ ўзбекистонлик ёшлар обуна бўлган телеграм каналимизда ваҳимага берилмаслик, хавотирга тушмаслик ва гигиена қоидаларга риоя қилиш бўйича маълумот ва кўрсатмаларни мунтазам бериб бормоқдамиз.

Ҳозир барча таълим муассасаларида таътил эълон қилинган. Фарзандларим билан бирга фильм томоша қиляпмиз, китоб ўқияпмиз, онлайн дарсларни кузатиб боряпмиз. Энг муҳими, эрталабдан кечгача оилам билан биргаман.

Кўрилаётган чора-тадбирлар, амалга оширилаётган ишлар, давлат, жамият ва матбуотнинг ҳамжиҳатликдаги фаолиятини кўриб, Туркия бу синовни тез орада енгиб ўтади, дейиш мумкин. Фуқаролар ҳам бу жараёндан четда тургани йўқ. Масалан, соғлиқни сақлаш ходимларининг иштиёқини янада ошириш мақсадида 19 мартдан эътиборан одамлар ҳар куни соат 21:00да ўз уйлари деразаси ва балконларидан уларни баралла олқишлашмоқда. Бу ўзига хос анъанага айланиб улгурди. 

Саидбек Болтабоев,
Қорабук давлат университети ўқитувчиси:

Саидбек Болтабоев

— Туркия ҳудудида вирус аниқланмаган кунларда одамлар аввалига масалани жиддий қабул қилишмади, ҳолатни ҳазилга йўйишди. Аммо вирусга чалинишнинг илк ҳолати расмий қайд этилганидан сўнг бироз саросима кузатилди. Бошқа кўплаб жойлар сингари мен истиқомат қилувчи Карабук вилоятида ҳам шаҳарлараро автобус чиптаси учун турнақатор навбатлар пайдо бўлди. Талабалар шу куниёқ ўз уйларига етиб олиш ҳаракатига тушиб қолишди.

Ҳозирда шаҳар анча бўшаб қолган. Уйига кетмаган турк талабалар ва 5 мингдан ортиқ хорижлик ёшлар вақтларини ўз турар жойларида ўтказишмоқда. Ёшларимизда ваҳима, саросима йўқ ҳисоби. Улар тегишли чора-тадбирларни кўришмоқда. Жамоат жойларидан ўзларини узоқ тутишмоқда. Душанба кунидан эътиборан масофавий таълим шаклидаги дарслар давом этади.

Айни пайтда мен анчадан бери режалаштирилган ишларни бажариш билан бандман. Тугалланмаган мақолалар ва китобларни охирига етказиш учун фурсатдан фойдаланишга ҳаракат қиляпман. Оила аъзоларим билан бирга вақт ўтказиш, турли ўйинлар ўйнаб, китоб мутолаа қилиш, онлайн журналларни кўздан кечириш билан кун қандай ўтиб кетаётганини сезмай ҳам қоляпмиз.

Юртдошларимизга шуни айтмоқчиманки, бирон яқинингиз Туркияда бўлса, уни ёлғиз, деб ўйламанг. Ишонаманки, Ўзбекистон ҳам ушбу синовни матонат билан енгиб ўтади. 

Гулнора Саидаҳмедова,
Мармара университети докторанти:

Гулнора Саидаҳмедова

— Истанбул шаҳрида истиқомат қиламан. Мен ва дугоналаримнинг руҳий ҳолати яхши. Бироз тушкунликнинг сабаби – бу касалликнинг ватанимиз Ўзбекистонга ҳам кириб келгани ва юртдошларимиз, яқинларимиздан олган хавотиримиздир.

Туркияда бу касалликни енгиб ўтиш учун тизимли кураш олиб борилмоқда. Бир қанча хорижий давлатларга парвозлар тўхтатилди. Таълим муассасалари вақтинчалик ёпилди. Аҳоли учун барча чора-тадбирлар кўрилмоқда. Ҳамма жойда тозалаш ва дезинфекция ишлари амалга оширилмоқда. Касалхоналар аҳоли учун 24 соат хизмат кўрсатмоқда. Озиқ-овқат, дори-дармон ва тиббий ниқоблар масаласида муаммо йўқ.

Менимча, касаллик билан курашиш фақат давлатнинг иши эмас. Аҳоли давлат тарафидан белгиланган чора-тадбирларнинг барчасига амал қилиши, интернет орқали тарқалаётган ёлғон маълумотларга ишонмаслиги керак. Куч – бирликдадир. Барчамиз биргаликда бу касалликни енгиб ўтиш учун курашишимиз лозим. Коронавируснинг бирлаша олган миллатдан кучли эканига ишонмайман. Юртдошларим ва яқинларимдан кайфиятларини юқори тутишларини сўрайман.

Каримжон Абдуғаниев,
Анқара Йилдирим Боязид университети талабаси:

Каримжон Абдуғаниев

— Мен Анқара шаҳрида яшайман. Бу ерда биз – ўзбекистонлик талабалар, Туркия Соғликни сақлаш вазирлиги томонидан эълон қилинган кўрсатмаларга амал қилмоқдамиз. Кайфиятимиз ҳар доимгидай аъло даражада. Ҳеч қандай қўрқув ва ваҳимага тушганимиз йўқ.

Аввалига вирус Хитойнинг муаммоси сифатида қабул қилинганди, энди эса у бутун дунёни ташвишга солмоқда. Туркияда аҳолига жамоат транспорт воситаларидан имкон қадар фойдаланмасликни маслаҳат беришмоқда.

Ўзбекистондаги юртдошларимиз ва яқинларимиз биздан хавотир олишмасин: вирусга қарши курашиш учун барча эҳтиёт чораларини кўряпмиз. Ўйлайманки, юртимиз ҳам бир халқ, бир миллат, бир юрак бўлиб ушбу синовни енгиб ўтади.

Отабек Тиллаев,
Кun.uz
нинг Туркиядаги мухбири

Отабек Тиллаев
Тайёрлаган Отабек Тиллаев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид