Жаҳон | 00:34 / 24.03.2020
15500
2 дақиқада ўқилади

АҚШнинг коронавирусдан энг кўп азият чекаётган штатларига миллий гвардия киритилади

Фото: Reuters

АҚШ президенти Дональд Трамп коронавирусдан энг кўп азият чекаётган штатларга миллий гвардияни киритишга рухсат берди. 

Миллий гвардия кучлари Нью-Йорк, Калифорния ва Вашингтон штатларига киритилади. Улар коронавирусга қарши курашда кўмак кўрсатади.

Трампнинг таъкидлашича, штатларга миллий гвардияни жалб этиш бўйича харажатларнинг 25 фоизини тўлашга тўғри келмайди, буни федерал ҳукумат ўз зиммасига олади.

АҚШ миллий гвардияси қуруқликдаги қўшинлар ҳамда ҳарбий-ҳаво кучларининг захирадаги кучлари бўлиб, у 450 мингдан кўпроқ кишидан иборат. Миллий гвардия бир вақтда ҳам федерал ҳукуматга, ҳам штатлар маъмуриятларига бўйсунади. АҚШ миллий гвардияси ўз вазифаларига кўра бир қатор давлатлардаги ички қўшинларга ўхшаш ҳисобланади. 

Бундан ташқари, Трамп коронавирус эпидемиясидан энг кўп жабр кўрган ҳудудларга дала тиббий пунктларини жўнатишни буюрган.

Трампнинг таъкидлашича, АҚШ “катта синовдан” ўтмоқда. Унинг айтишича, ҳозир “душман ҳужум қилмоқда”, бироқ Америка муқаррар ғалаба қозонади.

“Бу буюк ғалаба бўлади ва биз унга тахмин қилингандан эртароқ эришамиз”, деб айтган Трамп. У пандемия бартараф этилгач, мамлакат иқтисодиёти юқори чўққиларга эришишига ваъда берган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид