Иқтисодиёт | 08:45 / 26.03.2020
35095
3 дақиқада ўқилади

MБ тўлов тартибига бир қатор ўзгартиришлар киритишни таклиф этмоқда

Бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар давлат рўйхатидан ўтказиш мақсадида Адлия вазирлигига тақдим этилди 

Фото: Марказий банк

“Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида”ги Қонуннинг кучга кириши муносабати билан Марказий банкнинг бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказиш мақсадида Адлия вазирлигига тақдим этилди, деб ёзмоқда Norma.
 
1. МБ бошқарувининг “Ўзбекистон Республикасида нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори. 

“Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида”ги Қонун ҳамда янги таҳрирдаги Солиқ кодексига мувофиқ Ўзбекистон Республикасида нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тўғрисидаги низом қайта кўриб чиқилиб, янги таҳрирда ишлаб чиқилди. Амалдаги Низомнинг Тижорат банкининг ҳисоб-китоб чеклари ва банк пластик карталари билан ҳисоб-китоблар тўғрисидаги талаблари чиқариб ташланди. Янги таҳрирда қабул қилинган Солиқ кодекси талабларидан келиб чиқиб, солиқ органлари томонидан инкассо топшириқномаларини тақдим этиш тартибларига ўзгартиришлар киритилди.
 
Шунингдек, олинган кредитлар қайтарилиши учун кафил бўлган субъектлардан қарздорликларни ундириш мақсадида акцептсиз тўлов талабномаси, нафақат кредит, балки унга ҳисобланган фоизларни ундириш учун ҳам тақдим этилиши мумкинлиги кўрсатиб ўтилди.
 
Ҳужжат лойиҳасида банк амалиётида яна бир ҳолатга тез-тез дуч келинаётганлиги қайд этилмоқда. Унда олувчи тугатилган тақдирда, унинг фойдасига тақдим қилинган ҳамда 2-сон картотекага жойлаштирилган тўлов талабномалари ва инкассо топшириқномаларини, олувчиларнинг тугатилганлигини тасдиқловчи маълумотлар асосида чақириб олиш механизми ёритиб берилган.
 
2. МБ бошқарувининг “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида электрон пулларнинг чиқарилиши ва муомалада бўлиши қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори.
 
Электрон пулларнинг асосий афзалликларидан бири – фойдаланувчиларга банкларда ҳисобварақ очмаган ҳолда, Интернет орқали тўловларни амалга ошириш имкониятини тақдим этади. “Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида”ги Қонуннинг 21-моддасида МБ Ўзбекистон ҳудудида электрон пулларнинг чиқарилиши ва муомалада бўлиши қоидалари белгиланган.

Мавзуга оид