Жаҳон | 23:36 / 27.03.2020
31253
2 дақиқада ўқилади

Испания Хитойга коронавирусни аниқловчи сифатсиз тестларни қайтариб берди

Испания соғлиқни сақлаш вазирлиги Хитойдаги ишлаб чиқарувчига коронавирусни аниқловчи экспресс-тестларнинг йирик партиясини тестлар сифатсиз бўлгани сабабли қайтариб беришини маълум қилди.

Фото: ABC

Бу ҳақда El Pais нашри хабар берди

Испания соғлиқни сақлаш вазири Сальвадор Илланинг маълум қилишича, тестлар Хитойнинг Shengzhen Bioeasy Biotechnology компаниясига қайтарилган. Бу испаниялик микробиологлар партиядаги 9 минг тест 30 фоизлик таъсирчанликка эгалигини маълум қилишгандан кейин юз берган. Ваҳоланки, мутахассисларнинг таъкидлашича, тестлар камида 80 фоизлик таъсирчанликка эга бўлиши лозим.  

640 минг дона тест Испанияга 23 март куни етказиб берилган. Ўшанда тестни қўллашни бошлаган Мадриддаги 4 та шифохонада тест коронавирусга чалингани тасдиқланган беморларда вируснинг йўқлигини кўрсатгани аниқланган.

Испания соғлиқни сақлаш вазирлиги тестларни бевосита Хитойдан эмас, балки испаниялик дистрибьютор орқали сотиб олган. Ўз навбатида Хитойнинг Испаниядаги элчихонасида Shengzhen Bioeasy Biotechnology ўз маҳсулотини сотишга лицензияга эга эмаслиги ва Хитой Испанияга тақдим қилган “малакали етказиб берувчилар рўйхатига” кирмаслиги маълум қилинган.

Хитой компаниясида тестлар учун баъзи тўпламлар алмаштириб берилиши айтилган. Унинг таъкидлашича, нотўғри натижалар намуналар муваффақиятсиз олингани ёки тўпламлар нотўғри қўллангани билан боғлиқ бўлиши мумкин. Компания тест учун тўпламлардан қандай фойдаланиш кераклиги борасида мижозлар билан етарлича иш олиб бормаганини тан олган.

Мавзуга оид