Жамият | 18:40 / 27.03.2020
16172
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда бир кунда содир бўлган учта ЙТҲ оқибатида 5 киши ҳаётдан кўз юмди

Йўл ҳаракати иштирокчиларидан йўлларда ҳаракатланганда йўл ҳаракати қоидаларига амал қилиш сўралган

Фото: ИИББ ЙҲХБ матбуот хизмати

Жорий йилнинг 26 март куни соат 14:00ларда, Сурхондарё вилояти, Термиз туманининг “Айритом” маҳалласи ҳудудидан ўтувчи 4Р-99 “Мангузар-Хонрабод-Шартуз” автомобиль йўлининг 14-15-км оралиғида ЙТҲ содир бўлган.

1970 йилда туғилган ҳайдовчи Х.Б. “Ласетти” русумли транспорт воситасини бошқараётиб, йўлнинг қарама-қарши ҳаракат йўналишига чиқиб кетиб, 1996 йилда туғилган ҳайдовчи М.Б. бошқарувидаги “Матиз” русумли транспорт воситаси билан тўқнашган. 

Натижада, “Ласетти” русумли транспорт воситаси ҳайдовчиси Х.Б. оғир тан жароҳати олиб воқеа жойида вафот этган. “Матиз” русумли транспорт воситаси йўловчиси - 1975 йилда туғилган Ў.А. оғир тан жароҳати олиб шифохонага етмасдан вафот этган. 

Шунингдек, “Матиз” русумли транспорт воситаси йўловчиси, 1973 йилда туғилган Ф.А. тан жароҳати олиб касалхонага ётқизилган.

Шунингдек, 26 март куни соат 00:50ларда Сирдарё вилояти, Сирдарё тумани ҳудудидан ўтган М-34 “Тошкент-Душанбе” автомобиль йўлининг 72-км.да, 1992 йилда туғилган ҳайдовчи З.А. “Нексия-2” русумли транспорт воситасини “Сирдарё-Тошкент” йўналишида бошқариб кетаётган бўлган. 

У йўл белгисига эътибор қаратмасдан хавфли бурилишга етиб келган вақтида тезликни кескин секинлатгани сабабли бошқарувни йўқотган ва йўлнинг ўнг томонидаги бетон тўсиққа урилиб, ЙТҲ содир этган. 

Натижада, ушбу “Нексия-2” русумли транспорт воситаси ҳайдовчиси З.А. ва йўловчиси, 1991 йилда туғилган З.Н. олган тан жароҳати оғирлиги сабабли шифохонада вафот этганлар.

Бундан ташқари, 26 март куни соат 06:20ларда Андижон вилояти, Бўстон тумани, Гузар МФЙ, Ўзбекистон кўчаси ҳудудидан ўтган Бўстон-Янгиобод маҳаллий йўналишда 1980 йилда туғилган ҳайдовчи И.М. “Ласетти” русумли транспорт воситасини бошқариб кетаётиб, ўзи билан бир йўналишда ҳаракатланиб кетаётган велосипедчи, 1988 йилда туғилган Э.Н.ни уриб юборган. 

Натижада, велосипедчи Э.Н. олган тан жароҳатларининг оғирлигидан шифохонада вафот этган.

“Ҳурматли йўл ҳаракати иштирокчилари, йўлларда ҳаракатланганингизда “Йўл ҳаракати қоидалари”га амал қилишингизни сўраб қоламиз”, - дейилади Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ ахборот хизмати маълумотида.

Мавзуга оид