Жаҳон | 23:35 / 29.03.2020
18819
2 дақиқада ўқилади

Коронавирусдан катта талофат кўраётган Нью-Йоркка сузувчи госпитал йўл олди

АҚШ ҳарбий-денгиз кучларининг кема-госпитали USNS Comfort Нью-Йоркка коронавирусга қарши курашда ёрдам бериш учун келмоқда. Кема ҳисобига шаҳарда коронавирусга чалинганлар учун қўшимча мингта ўрин пайдо бўлади.

Фото: Getty Images

Бу эса шифохоналардаги ўринларни бўшатишга ва маҳаллий шифокорларга юкламани камайтиришга имкон беради.

29 март кунига АҚШда коронавирусга чалинганлар сони 125 мингдан кўпроқни ташкил қилган, улардан 30 минги Нью-Йоркка тўғри келади. Вирусдан 2 мингдан кўпроқ, жумладан Нью-Йоркда 672 одам вафот этган. Шаҳарда вазият тобора ёмонлашиб бормоқда – бу ерда ҳар 9,5 дақиқада бир киши коронавирусдан вафот этмоқда. 2001 йил 11 сентябрдаги терактдан кейин илк бор Нью-Йоркда минглаб жасадларга мўлжалланган музлатгичли юк машиналари пайдо бўлди. Бироқ шундай оғир вазиятга қарамай, шаҳарда ҳанузгача карантин киритилмаган.

USNS Comfort кема-госпитали АҚШдаги шундай иккита кемадан биттасидир.   Унинг “эгизаги” - USNS Mercy бўлиб, иккала кема ҳам аввал танкер бўлган кемалардан қурилган. USNS Comfort 1987 йилда кема-госпиталга айланган. Одатда, бу икки кема ўз вазифасини навбати билан бажаради. Бироқ ҳозирги шароитда иккала кема ҳам бир вақтда қўлланади - USNS Mercy шифокорларга ёрдам бериш учун АҚШнинг ғарбий соҳилбўйидаги портлардан бирига юборилади. Кемалар энг янги тиббий техника, лабораториялар, жарроҳлик заллари, томографлар билан жиҳозланган. Улардан ҳар бирида интенсив даволаш учун 80 та ўрин, қон банкалари ва ичимлик суви ишлаб чиқариш учун қурилма бор.

Бироқ айтиш жоиз, ушбу кемалар аввалбошидан турли жароҳатлар билан ишлашга мўлжалланган бўлиб, янги вирусга қарши курашда фақатгина ёрдамчи вазифаларни бажариши мумкин. 

Олимларнинг таъкидлашича, АҚШда вазият қўлдан чиқарилган – ҳукумат коронавирус тарқалишини секинлаштириш учун қатъий чораларни ўз вақтида қабул қилмаган. Икки ҳафта аввал АҚШда касалланганлар сони бунчалик ваҳимали бўлмаган эди. The New York Times нашрининг ёзишича, АҚШда энг ёмон воқеалар ривожида  коронавирусдан 1,7 млн америкалик вафот этиши мумкин. Агар чекловчи чоралар қабул қилинса, қурбонлар сони 150-200 минггача камайиши мумкин.

Мавзуга оид