Ўзбекистон | 19:21 / 29.03.2020
30866
2 дақиқада ўқилади

«Озиқ-овқат танқислиги бўлмайди». Тошкент шаҳар ҳокимлиги бозорлардаги навбатларга муносабат билдирди

Бугун, 29 март куни Тошкент шаҳрининг кўплаб бозорлари ва дўконларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига навбат кузатилди. Бу эса карантин талабларига зиддир.

Фарҳод бозори, 29 март / Фото: Kun.uz

Пойтахт ҳокимлиги ҳолат юзасидан фуқароларга мурожаат билан чиқди.

«Аҳолимизга мурожаат қилиб, захирада қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари етарли эканлигини, бозор ва дўконлар бундай маҳсулотлар билан мунтазам таъминланишини маълум қиламиз.

Фақат заруратга кўра кўчага чиқинг, одамлар билан оралиқ масофани сақланг, санитария-гигиена талабларига риоя этинг ва бу билан ўзингиз ҳамда яқинларингиз саломатлигини асранг!» – дейилади мурожаатда.

Korzinka.uz асосчиси ва раҳбари Зафар Ҳошимов ҳам бугун супермаркетлар тармоғининг деярли барча дўконларида харидорлар оқимининг кўпайганини маълум қилиб, мижозларга мурожаат қилди.

Фото: Зафар Ҳошимов

«Дўконларимизнинг тўлиб-тошгани, бошқа вақт бўлганида, албатта,  бизни қувонтирган бўларди. Афсуски, ҳозир жаҳонда пандемия қизиган палла ҳукм сурмоқда.

Эртага шахсий автомобилда ҳаракатланиш қийин кечишини ҳам тушуниб турибман. Мен эртага бозор ва супермаркетлар ишламайди деган миш-мишлар кезиб юрганини ҳам биламан, бу ёлғон ва дезинформациядир.

Шу сабабли биз дўконларимизга келувчилар хавотирини пасайтириш учун маълум чораларни кучайтириш – савдо залларида ва касса ҳудуди яқинида хавфсиз масофа сақлаш имкониятини ҳосил қилиш мақсадида зудлик билан зарур чораларни қабул қилдик.

Шу мақсадда маълум вақт оралиғида дўконларимизга киришни ёпиб турамиз. Ташриф буюрувчилардан эса дўкон ташқарисида навбат билан бир-бирларидан хавфсиз масофани сақлаган ҳолда туришларини сўраймиз. Дўкон ичкарисидаги ташриф буюрувчиларнинг нисбатан эркин ҳаракати таъминлангач, биз камайтириб бориш тартибида мижозларни ичкарига киргизамиз.

Чора-тартибларимизни тўғри тушунасиз, деган умиддаман», – деб ёзади Зафар Ҳошимов.

Мавзуга оид