Жаҳон | 00:38 / 29.03.2020
7750
2 дақиқада ўқилади

Россияда коронавирус бўйича карантиндан қочганлик учун илк жиноят иши қўзғатилди

Жиноят иши РФ жиноят кодексининг санитария-эпидемиология қоидаларнини бузишга қасд қилиш моддаси бўйича қўзғатилган.

Фото: Globallookpress

Санкт-Петербург шаҳрида коронавирус бўйича ташкил этилган карантинлардан биридан қочиб кетган шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилди, деб хабар бермоқда «Интерфакс» Россия ИИВнинг Санкт-Петербург шаҳри ва Ленинград области бўйича бошқармасига асосланган ҳолда.

21 март куни петербурглик 32 ёшли Георгий Х. Швейцариядан келган ва икки ҳафталик карантинга кириши шартлиги тўғрисида огоҳлантириш олган. 26 март куни уни «Заря» пансионатига мажбурий равишда жойлаштиришган, чунки у ўз уйида карантин режимига амал қилмаган. 27 март куни Георгий пансионатдан қочган, эртаси куни уни ушлаб яна карантинга қайтаришган.

Ҳозирча петербурглик бу йигитда коронавирус инфекцияси бор-йўқлиги тасдиқлангани номаълум. Георгийга нисбатан РФ ЖКнинг 30- ва 236-моддалари (санитария-эпидемиология қоидаларнини бузишга қасд қилиш) бўйича жиноят иши қўзғатилган. Агар унинг хатти-ҳаракатлари оммавий касаллик юқиши ёки инсон ўлимига сабабчи бўлса, у беш йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Қайд этиш жоизки, бундай ҳолатлар Ўзбекистонда ҳам кузатилмоқда.

Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов карантин қоидаларига амал қилмаган 7 нафар фуқаро жавобгарликка тортилгани ҳақида маълумот берган эди. Жумладан, карантин ҳудудига жойлаштирилган, аммо у ердан қочиб кетган 3 нафар шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Улар камида 18 нафар оила аъзоларининг ҳаётини хавф остига қўйган.

26 март куни президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонунни имзолади.

ИИВ ахборот хизматининг маълум қилишича, карантин тадбирлари эълон қилинган вақтдан бугунги кунга қадар республика бўйича карантин қоидаларига амал қилинмаган 7157 та ҳолат аниқланган. Энг кўп ҳуқуқбузарлик Тошкент шаҳрида қайд этилган. 

 

 

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид