Зарарли организмлар билан импорт бўлган 23 минг туп олма кўчати ёқиб юборилди
Бухоро вилоятининг «Бухоро 2 ТИФ» Ўсимликлар карантини чегара масканида Туркия давлатидан импорт қилинган 23 200 дона олма кўчатлари Ўзбекистонга киритилмади.
«Ўздавкарантин» ахборот хизмати маълумотига кўра, Туркиядан зарарли организм билан импорт қилинган олма кўчатлари Ўсимликлар карантини давлат инспекциясининг Марказий лабораториясига юборилган.
«Экспертиза хулосасига биноан, кўчатларнинг илдиз қисмида Ўзбекистон учун карантиндаги «Бўртма нематода» зарарли организми мавжудлиги аниқланди ва тегишли карантин чоралари кўрилиши юзасидан хулоса берилди» , — дейилади расмий маълумотда.
Таъкидланишича, ушбу илдиз бўртма нематода помидор, бодринг, сабзи, пиёз, ғўза экинлари, гилос, ўрик ва бошқа турдаги мевали дарахтларни кучли зарарлайди. Личинкаларининг ривожланиши натижасида ўсимлик бутунлай нобуд бўлади. Айни пайтгача дунё бўйича «Бўртма нематода»лар билан 2000 турга яқин турли оилага мансуб маданий ва ёввойи ўсимликлар зарарланиши аниқланган бўлиб, бу ҳолат йил сайин ортиб бормоқда. Ҳудудга кириб келган нематода нафақат мавжуд ҳосилни нобуд қилади, балки суғориш, техника ва тупроқ орқали бошқа далаларга ҳам тарқалади.
«Ўздавкарантин» инспекциясининг тақдимномасига мувофиқ, олма кўчатлари келтирилган ҳудудда карантин ҳолати эълон қилинди ҳамда Бухоро вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг махсус полигонида тегишли ташкилотларнинг масъул ходимлари иштирокида мазкур импорт маҳсулот ёқиш йўли билан йўқ қилинди.
Ўзбекистон Республикаси «Ўсимликлар карантини тўғрисида»ги Қонунининг 29-моддасига мувофиқ, тадбиркорлар карантин остидаги маҳсулотларни олиб киришда карантин рухсатномаси, экспорт қилувчи мамлакатнинг ўсимликлар карантини ва уларни ҳимоя қилиш бўйича давлат органлари томонидан бериладиган фитосанитария сертификати ёки гувоҳномасини олишлари шарт.
Мавзуга оид
23:07 / 07.08.2024
“Яшил макон”: 1 млн кўчат қўшиб ёзилган, 580 мингтаси сувсиз ҳудудларга экилган — Бош прокуратура
08:30 / 28.05.2024
Тошкент вилоятида Жанубий Корея тажрибаси асосида кўчат экилади
08:10 / 05.03.2024
Фарзанд туғилганда унинг номига тамғаланган дарахт кўчатини экиш бошланади
08:22 / 11.11.2022