Жаҳон | 22:51 / 31.03.2020
7398
2 дақиқада ўқилади

Хитойда ўрмон ёнғинларини ўчириш вақтида 19 киши ҳалок бўлди

Хитойнинг жануби-ғарбида ўрмон ёнғинлари юз бермоқда. Вазият қуруқ ва шамолли об-ҳаво сабабли ёмонлашган. Ёнғинларни ўчиришга минглаб ўт ўчирувчи жалб қилинган.

Фото: Anadolu

Энг мураккаб вазият Сичуань провинциясининг Сичан шаҳрида юзага келган. Бу ерда ёнғинлар 30 март куни маҳаллий фермада бошланиб, яқин атрофдаги тоғларга кўчган. Кечга яқин ёнғин билан қамраб олинган майдон минг гектардан ошган, 80 гектар ўрмон йўқ бўлган.

31 март соат 1:30да ёнғинни ўчиришга жўнатилган 22 киши алоқага чиқмай қўйган. Соат 7 атрофида улардан 3 нафари топилиб, шифохонага жўнатилган. Кейинроқ 19 кишининг жасади топилган. Улардан 18 нафари ўт ўчирувчи бўлган, бири маҳаллий ўрмон хўжалиги ишчиси бўлиб, у ўт ўчирувчиларга йўл кўрсатган. Қурбонлар шамолнинг тўсатдан ўзгариши сабабли “оловли тузоқ”да қолиб кетишган. 

Айни вақтда ёнғинни ўчириш ишлари давом этмоқда. Унда 2 мингдан кўпроқ одам иштирок этмоқда, 1200 киши эвакуация қилинган. 

Шунингдек, қўшни Юньнань провинциясида ҳам вазият мураккаб. Бу ерда ўт ўчирувчилар Наньцзянь уездидаги ёнғинни бартараф эта олишган. Олов 90 гектар майдоннинг кулини кўкка совурган. Ёнғинни ўчиришда 1800 киши, 12 та ўт ўчириш машинаси ва 3 та вертолёт иштирок этган.  

Яна 2 мингдан кўпроқ киши Дицин-Тибет автоном округининг Шангри-Ла иқтисодий ривожланиш ҳудудидаги ёнғинни ўчиришга юборилган. Таъкидланишича, бу ерда кучли шамол ва тик қоялар ёнғинга қарши курашни қийинлаштирмоқда.

Мавзуга оид