Жаҳон | 11:50 / 02.04.2020
20084
2 дақиқада ўқилади

АҚШнинг бош инфекционисти ўз номига таҳдидлар олди 

Оқ уйнинг коронавирус пандемиясига қарши кураш бўйича гуруҳи аъзоларидан бири, АҚШнинг Аллергик ва юқумли касалликлар миллий институти директори Энтони Фаучи ўз номига таҳдидлар олмоқда.

Фото: AP Photo/Alex Brandon

Бу ҳақда CNN телеканали хабар берди.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари вакилининг телеканалга маълум қилишича, АҚШ соғлиқни сақлаш вазирлигининг бош инспектори Фаучига билдирилаётган таҳдидлардан кейин АҚШ Федерал маршаллар хизматига ёрдам бериш илтимоси билан мурожаат қилган. Шундан кейин Фаучига шахсий қўриқчилар ажратилган.

Шунингдек, Вашингтон полиция бошқармасининг бир неча ходими шифокорнинг уйи олдида қолмоқда.

Фаучининг ўзи Оқ уйда коронавирус бўйича ўтган брифингда журналистларнинг ҳақиқатан ҳам у таҳдидлар олаётгани ҳақидаги саволларига жавоб бермаган.

Бу орада АҚШ президенти Дональд Трамп Фаучи қўриқчиларга эҳтиёжмандмаслигини, чунки уни “ҳамма яхши кўришини”, кимдир унга ҳужум қилгудек бўлса, “катта муаммоларга дуч келишини” айтган. 

The Atlantic нашрининг таъкидлашича, АҚШнинг бош инфекционисти Рональд Рейгандан бошлаб АҚШнинг барча президентларига эпидемия масалалари бўйича маслаҳат бериб келади. Шифокор нашр билан суҳбатда Трампда “ўз услуби бор” бўлса-да, бироқ АҚШ президенти унинг тавсияларига қулоқ солишини айтган.

 

Мавзуга оид