Ўзбекистон | 15:36 / 02.04.2020
9396
2 дақиқада ўқилади

Навоийда карантинга олинган Мисрдан қайтган 181 нафар фуқаро уйларига кузатилди, уларнинг ҳеч бирида касаллик аниқланмаган

18 март куни Мисрдан махсус авиарейс билан Навоий шаҳрига олиб келинган, республикамизнинг турли вилоятларидан бўлган 181 нафар фуқаро бугун, 2 апрель куни ўз уйларига кузатилди.

Навоий вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати Kun.uz`га хабар беришича, Кармана тумани ҳудудидаги Навоий кон-металлургия комбинатига қарашли соғломлаштириш марказида 14 кунлик карантинга жойлаштирилган фуқароларга қараган 22 нафар шифокор ҳам таътилга чиқарилди.

«Икки ҳафта давом этган карантин даврида кузатувга олинганлар белгиланган муддатда зарур тиббий муолажалар, шахсий гигиена ва ҳимоя воситалари ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланди. Кузатув ва карантин даврида уларнинг бирортасида касаллик аломатлари аниқланмади», дейди Навоий вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Ф.Ғаффоров.

Айни пайтда Навоий вилоятидаги 8та сиҳатгоҳда 529 нафар фуқаро умумий карантин назоратига олинган. Бундан ташқари, 2808 нафар фуқаро уй карантинида шифокорлар назоратида бўлиб турибди.

Коронавирус инфекцияси аниқланиб, Навоий шаҳрида даволанаётган икки нафар фуқаро (она ва ўғил) эса Навоий вилоятига Тошкент шаҳридан меҳмон сифатида келганида уларда касаллик белгилари борлиги аниқланиб карантинга олинган ва шифохонага ётқизилган.

Мавзуга оид