Жаҳон | 09:20 / 03.04.2020
11881
2 дақиқада ўқилади

АҚШда машинист поезд билан «шубҳали» кема-госпиталга шикаст етказмоқчи бўлди

Лос-Анжелесда поезд машинисти коронавирусга қарши курашда қўлланмоқчи бўлаётган USNS Mercy кема-госпиталига зарар етказмоқчи бўлди. 

Фото: EPA

Бу ҳақда ABC7 телеканали маълум қилди. 

Воқеа 31 март куни юз берган. Прокурорларнинг таъкидлашича, 44 ёшли машинист Эдуардо Морено Лос-Анжелес порти яқинида Pacific Harbour Line компаниясига тегишли поездни катта тезликда ҳаракатлантириб, у билан кемага шикаст етказишга уринган.

Таркиб релслардан чиқиб кетиб, соҳилда турган кемадан 200 метр берида тўхтаган. Воқеа вақтида ҳеч ким жабрланмаган. 

Эркак сўроқ қилинганда у атайлаб поездни тезлаштириб, портдаги тўсиқларни ёриб ўтганини тан олган. Унинг айтишича, у “шубҳали” кемага зарба бермоқчи бўлган.

Los Angeles Times нашрининг ёзишича, машинист ўз ҳаракатлари билан жамоатчилик ва ОАВ эътиборини кеманинг “асл мақсади”га қаратмоқчи бўлган.

Унинг фикрича, “кема-госпиталнинг коронавирус билан боғлиқ айтилаётгандан ўзга ёки ҳокимиятни эгаллаб олиш мақсади бор”.

“Одамлар бу ерда нима юз бераётганидан бехабарлар. Энди эса биладилар. Бу жуда қизиқ бўлди. Менда бир имконият бор эди ва мен ундан унумли фойдалана олдим”, деб айтган машинист.

Морено поездни атайлаб релслардан чиқаришда айбланган.

Таъкидланишича, ФҚБ машинистнинг экстремистик гуруҳлар билан алоқалари бор-йўқлигини текшира бошлаган.

Мавзуга оид