Жаҳон | 22:39 / 06.04.2020
6249
3 дақиқада ўқилади

Барча британияликлар бош вазир номидан уйда қолишга чорловчи мактуб олишди

Британияда барча оилалар бош вазир Борис Жонсон имзолаган ва коронавирус пандемияси шароитида уйда қолишга чорловчи мактуб олди.

Фото: Getty Images

Британияда пандемия сабабли карантин режими 2 ҳафта олдин киритилган. Одамларга уйларини озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармон харид қилиш, уй ҳайвонларини сайр қилдириш, жисмоний машқлар бажариш учун тарк этишга рухсат берилган. Шунингдек, 2 метрлик ижтимоий масофани сақлаш буюрилган  ва 2 кишидан кўпроқ бўлиб йиғилиш тақиқланган

“Мен бу беқарорлик туфайли ҳаётингиз, ишингиз ва бизнесингиз қандай қийинчиликларга дуч келаётганини тўлиқ англайман. Бироқ биз томондан қабул қилинган чоралар биргина оддий сабаб туфайли зарур. Агар жуда кўп одам бир вақтда жиддий касалланса, соғлиқни сақлаш миллий хизмати (NHS) бунчалик кўп беморни уддалай олмайди. Бу эса кўплаб ҳаётларни олиб кетиши мумкин. Биз кўпроқ ҳаётларни сақлаб қолиш учун инфекция тарқалишини секинлаштиришимиз ва шифохонага ётишга эҳтиёж сезувчи одамлар сонини камайтиришимиз лозим. Айнан шу сабабли сизнинг биргина оддий қоидага амал қилишингизни сўраймиз – сиз уйда қолишингиз лозим”, деб айтилган мактубда.

Жонсон, шунингдек, кўплаб британияликлар қандай молиявий қийинчиликларга дуч келганларини тушунишини таъкидлаб ўтган. “Ҳукумат сизга оилангизни боқа олишингиз учун ёрдам беришда барча имкони бор ишни амалга оширади”, деб ваъда қилган бош вазир.

У карантин чоралари янада қатъийлаштирилиши мумкинлигини айтган. “Биз иккиланмасдан олға бориб, илмий ва тиббий тавсиялар талаб қилса, бу чораларни қатъийлаштирамиз. Биз қоидаларга қанчалик қатъий риоя қилсак, шунчалик кам ҳаётлар йўқотилади ва ҳаётимиз шунчалик тезроқ аввалги тарзига қайтади”, деб  таъкидлаб ўтган Жонсон.

Жонсоннинг ўзи ҳам коронавирусга чалиниб, 10 кун уйда карантинда қолгандан кейин 6 апрелда юқори ҳарорат ва йўтал билан шифохонага ётқизилди. У ўз мактубида NHS ходимларига миннатдорлик билдирган.

“Биз шифокорларимиз, ҳамшираларимиз ва бошқа тиббий ходимлар замон чақириғига жавобан матонатли ишлаётганларидан илҳомланамиз. Пенсияга чиққан минглаб шифокор ва ҳамширалар NHS’га қайтмоқдалар ва юз минглаб фуқаролар энг заиф одамларга ёрдам бериш учун кўнгиллилар бўлиб ёзилмоқдалар. Айнан бизнинг буюк британ руҳимиз туфайли коронавирус устидан ғалаба қозона оламиз ва биргаликда уни мағлуб этамиз! Айнан шу сабабли - NHS’ни ҳимоялаш ва ҳаётларни сақлаб қолиш учун миллий фавқулодда вазиятда уйда қолишингизни сўрайман”, деб ёзган Британия бош вазири  

Мавзуга оид