Жамият | 17:06 / 07.04.2020
31066
1 дақиқада ўқилади

Нью-Йоркда вафот этган ўзбекистонликлардан бири қўшиқчи Рустам Самарқандий экани маълум бўлди

Ўзбекистоннинг Нью-Йорк шаҳридаги Бош консулхонаси 6 апрель куни 1969 йилда туғилган Ўзбекистон фуқароси Р.Х. коронавирус инфекциясини юқтириб олиш натижасида маҳаллий клиникада вафот этганини маълум қилганди.  

Рустам Самарқандий

Журналист Карим Баҳриевнинг Kun.uz'га маълум қилишича, ушбу шахс ўзбекистонлик мумтоз куйлар қўшиқчиси Рустам Ҳожимуҳаммедов бўлган. У ижодий фаолиятини Рустам Самарқандий тахаллуси билан олиб борган. 

COVID-19 туфайли АҚШда вафот этган учинчи ўзбекистонлик марҳумнинг Рустам Самарқандий бўлгани ҳақида Филадельфия радиоси  раҳбари Баҳодир Қудратов ҳам ижтимоий тармоқдаги саҳифасида ёзиб қолдирган. 

Ҳожимуҳаммедовда касаллик аломатлари 22 март куни аниқланган ва аҳволи кескин ёмонлашгач, 2 апрель куни касалхонага ётқизилиб, ўпкани сунъий шамоллатиш аппаратига уланган ҳамда сунъий кома ҳолатига туширилган. Аммо кўрсатилган тиббий амалиётлар фойда бермай, у 6 апрель куни вафот этган.

Бундан аввалроқ Нью-Йоркда икки ўзбекистонлик (бир аёл ва бир эркак) коронавирусдан вафот этгани ҳақида хабар берилган эди. 

Мавзуга оид