Жаҳон | 09:15 / 07.04.2020
19781
2 дақиқада ўқилади

Трамп АҚШга Ой захираларидан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи фармонни имзолади

АҚШ президенти Дональд Трамп Ернинг табиий йўлдоши – Ой ва бошқа само жисмларидаги табиий захираларни ўзлаштиришни қўллаб-қувватловчи фармонни имзолади. 

Фото: Mark Wilson/Getty Images

Бу ҳақда Оқ уй матбуот хизмати хабар берди.

“Америкаликлар коинотдаги захираларни тижорий тадқиқ қилиш, қазиб олиш ва фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлишлари керак”, дейилган фармонда. 

Фармонда таъкидланишича, коинот юридик ва жисмоний томондан “инсон фаолияти учун ўзига хос ҳудуд ҳисобланади ва АҚШ унга умумий мулк сифатида қарамайди”, шу сабабли АҚШнинг бу борадаги сиёсати “коинотда захираларни олиш ва уларни қўллашнинг халқаро қўллаб-қувватланишини рағбатлантиришга қаратилган бўлиши лозим”. 

Фармонда АҚШ Ой ва бошқа само жисмларида давлатларнинг фаолияти ҳақидаги келишувни тан олмаслиги таъкидлаб ўтилган. “Шу муносабат билан давлат котиби ҳар қандай давлат ёки халқаро ташкилот томонидан Ой ҳақидаги келишувни халқаро ҳуқуқни акс эттирувчи ёки ифодаловчи ҳужжат сифатида талқин қилиниши уринишларига қаршилик кўрсатиши керак”, дейилган фармонда.  

Ойда ва бошқа само жисмларида давлатларнинг фаолияти ҳақидаги келишув БМТ Бош ассамблеяси томонидан 1979 йилда қабул қилинган. Унда Ойни тадқиқ қилиш ва ундан фойдаланишга бутун инсоният ҳақли экани ва у дунё давлатлари манфаати йўлида амалга оширилиши таъкидлаб ўтилган. Ойни тадқиқ қилиш билан шуғулланувчи давлатлар ҳамкорлик ва ўзаро ёрдам тамойилларига асосланиши лозим.

“Ой унга на суверенитетни эълон қилиш, на ундан фойдаланиш ёки босиб олиш, на бошқа ҳар қандай восита билан бир давлат томонидан ўзлаштирилмайди”, дейилган келишувда.

Трамп февраль бошида конгрессдан Марс ва Ойга парвозлар дастурига пул аратишни сўраган. АҚШ президенти бу “Ойдаги кейинги эркак ва аёл америкалик астронавтлар бўлиши кераклиги, АҚШ Марсда байроқ ўрнатадиган биринчи давлат бўлиши учун зарурлигини” айтган. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид