Ўзбекистон | 18:59 / 11.04.2020
22552
2 дақиқада ўқилади

Нақд шаклда пенсия олувчиларга маблағларини банк картасига ўтказиш тавсия қилинди

Ўзбекистонда карантин талабларидан келиб чиққан ҳолда, пенсия тўловлари пенсионерларнинг яшаш манзилига етказилмоқда.

Акмал Назаров / Фото: АОКА

Марказий банк бу ҳолатда пенсия пулларини нақд шаклда олаётган пенсионерларга Халқ банкининг шахсий пенсия-овердрафт карталарини очиш ва келгусида пенсия маблағларини банк карталарига ўтказишни тавсия қилди.

«Ҳозирги таҳликали шароитда нақд пуллардан фойдаланишдаги хатарни ва айни пайтда барча банк хизматларидан мобиль иловалар орқали фойдаланиш мумкинлигини ҳисобга олсак, бу тўғри ва қулай йўлдир», – деди Марказий банк Жамоатчилик билан алоқалар ва коммуникацион сиёсат департаменти директори ўринбосари Акмал Назаров 11 апрель куни АОКАда ўтказилган брифингда.

Бу орқали пенсионерлар бир қатор қулайликларга эга бўлади:

  • биринчидан, пенсионер қаерда бўлишидан қатъи назар, пенсия маблағлари ойнинг дастлабки кунларида пенсия-овердрафт картасига тушади;
  • иккинчидан, кейинги пенсия тўловигача пули тугаб қолган тақдирда, пенсионер ойлик пенсиясининг 50 фоизигача фоизсиз овердрафт кредити олиши мумкин;
  • учинчидан, картадаги маблағларга йиллик 8 фоиз миқдорида даромад ҳисобланиши билан бир қаторда, уларни Халқ банкининг банкоматлари орқали фоизсиз нақдлаштириш имконияти яратилган.

Маълумот учун, фуқаро пенсияни тарқатиш жараёнида яшаш манзилида бўлмаса ва вақтинча бошқа ҳудудда истиқомат қилаётган бўлса, маблағлар Пенсия жамғармасига қайтарилади ва тўланмай қолган ушбу маблағлар кейинги ойда қўшиб тўлаб берилади.

Агар фуқаро вақтинча яшаётган манзилида вақтинча рўйхатда турган бўлса, шу ҳудуддаги Пенсия жамғармасининг бўлимига мурожаат қилиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, 6 апрелдан бошлаб Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида 65 ёшдан ошган фуқароларнинг энг муҳим заруратсиз уйидан чиқиши қатъиян тақиқланган.

Мавзуга оид