Жаҳон | 10:44 / 12.04.2020
7557
1 дақиқада ўқилади

Исроил хориждан рейслар қабул қилишни тўхтатди

Нью-Йоркдан келган 70 нафар йўловчи аэропортни назоратсиз тарк этганидан кейин хориждан келувчи рейсларга чеклов жорий этилди. Етиб келганлар карантинга жойлаштирилгунга қадар хорижий рейслар тўхтатиб турилади.

Фото: Dmytro

Исроил бош вазири Беньямин Нетаньяху хориждан келган барча йўловчилар махсус меҳмонхоналарда карантинга олингунга қадар авиақатновларни тўхтатиб туриш ҳақида топшириқ берди. Бу ҳақда The Times of Israel нашри бош вазир маъмуриятига таянган ҳолда хабар қилмоқда.

Ҳавода бўлган самолётларга етиб келиб қўнишлари учун имкон берилади. Аммо барча янги рейслар тўхтатилади. Бундай қарорга келинишига Нью-Йоркдан учиб келиб Бен-Гурион аэропортига қўнган самолётнинг 70 нафар йўловчиси тана ҳароратини ўлчатмай, карантинга оид зарур ҳужжатларни тўлдирмай таксига ўтирганларича шаҳар бўйлаб тарқалиб кетишгани сабаб бўлди. 

Эндиликда етиб келувчи йўловчиларни қабул қилиш билан бевосита ҳарбийлар шуғулланишади ва барча масъулият мудофаа вазирлигига юкланади. 13 апрель тонгда Нью-Йоркдан учиб келувчи самолёт фақат юк олиб келади.

Мавзуга оид