Ўзбекистон | 08:21 / 13.04.2020
10426
2 дақиқада ўқилади

Ҳокимлар ишини баҳолашнинг янги механизми жорий этилиши мумкин

Туман ва шаҳар ҳокимларининг иш фаолиятини баҳолаш таклиф этилмоқда

Фото: Коммерсантъ

“Менинг фикрим” жамоавий мурожаатлар порталида туман ва шаҳар ҳокимларининг иш фаолиятини баҳолаш ҳақида петиция эълон қилинди. 

Қайд этилишича, махсус платформа яратган ҳолда туман ва шаҳар ҳокимларининг иш фаолиятини шу туманда яшаётган фуқаролар ҳамда тадбиркорлик субъектлари томонидан йил давомида баҳолаб бориш механизмини яратиш керак. 

“Бунда халқнинг розилигини баҳолаб бориш асосий мақсад этиб белгиланади. Бу, ўз навбатида, фуқароларнинг туман ёки шаҳар ҳокими фаолиятидан рози ёки норози эканлигини кўрсатибгина қолмасдан, туман ҳокими фаолиятидан норози бўлиб ёзилаётган шикоят ва аризалар сонининг ҳам кескин қисқаришига олиб келади. Бундан ташқари, ушбу механизм халқнинг нафратини қозонаётган айрим қўштирноқ ичидаги раҳбарларни ошкор этишда ҳам муҳим аҳамият касб этади. Шунингдек, коррупцияга қарши курашишда самарали механизм вазифасини ҳам ўташи, шубҳасиз”, - деб ёзади мурожаат муаллифи.

Таъкидланишича, бунда ҳар бир фуқаро ёки тадбиркорлик субъекти яратиладиган платформага id.uz тизимидаги ўз логин, пароли ёки электрон рақамли имзоси орқали кириб ўзи истиқомат қиладиган туман ёки шаҳарнинг ҳокимига баҳо беради. 

Баҳонинг қуйисида ўз муносабатини тўлдиради: бунда паст ёки юқори баҳо қўйиш сабабини тушунтириб ўтади. Йил якунида халқ ишончини қозона олмаган ҳокимлар ишдан олиниб, юқори баҳо олган ҳокимлар рағбатлантирилади.

Мавзуга оид