Жамият | 10:56 / 13.04.2020
34696
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда автобус ҳайдовчиси карантиндан чиққанларни уйларига етказмасдан йўлда ташлаб кетгани маълум бўлди

MAN русумли туристик автобус ҳайдовчиси уч нафар фуқарони ўз манзилига (Алгоритм мавзеси) етказмасдан, Фарҳод бозори атрофида тушириб қолдирган 

Фото: Telegram / Insider.uz

Жорий йилнинг 10 апрель куни Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманида жойлашган карантин ўташ махсус ҳудудида бўлган фуқароларга уйларига қайтиш учун рухсат берилган. 

Уларни манзилларига етказиш учун эса “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ томонидан жами 11та MAN русумли туристик автобуслар ажратилган бўлиб, шундан 6таси вилоятларга кетувчи фуқароларни белгиланган манзилларга етказиш учун бириктирилган. 5та автобус эса, Тошкент шаҳрида яшовчи фуқароларни манзилларига етказиб қўйиши белгиланган.

“Тошшаҳартрансхизмат” хабарига кўра, барча автобуслар фуқароларни белгиланган манзилларга эсон-омон етказган. Фақат пойтахтнинг Жанубий вокзал, 16-шаҳар шифохонаси, Чилонзор метроси, Фарҳод бозори, Олмазор, Себзор йўналишлари бўйича кетаётган автобус сўнгги йўловчиларини ўзаро тушунмовчилик сабаб манзилларига етказмаган.

Ушбу ҳолат ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлиб, юзага келган мазкур вазият жамият мутасаддилари томонидан ўрганилди.

MAN русумли туристик автобус ҳайдовчиси М.Х.нинг тушунтиришича, ҳақиқатан ҳам 3 нафар фуқарони ўз манзилига (Алгоритм мавзеси) етказмасдан, Фарҳод бозори атрофида тушириб қолдирган. Натижада ушбу фуқаролар йўлда қолиб кетишган. 

Ҳайдовчининг ушбу хатоси сабаб унга нисбатан маъмурий жавобгарлик жазоси қўлланилди, дейилади “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ маълумотида.

Мавзуга оид