Жамият | 14:59 / 13.04.2020
4202
2 дақиқада ўқилади

Тошкент шаҳрида картошка таъминоти бўйича узилишлар бўлмайди - Ҳокимлик

Тошкент шаҳри ҳокимлиги матбуот хизмати раҳбари Фурқат Маҳмудхўжаев АОКАда ўтказилган брифингда пойтахтда озиқ-овқат, хусусан картошка таъминотида узилиш бўлмаслигини маълум қилди.

«Тошкент шаҳрига озиқ-овқатлар кириб келиши бўйича ҳеч қандай муаммо йўқ. Картошка мисолида айтмоқчиман: карантин бошланган кун – 15 мартдан бошлаб 12 апрелга қадар Тошкент шаҳрига жами 3440 тонна картошка кириб келган бўлса, 29 кун ичида 3321,7 тонна картошка сотилган. Яна 116,5 тонна захираси қолган. Демак, картошка тугаб қолиши бўйича хавотирлар ўринсиз. Бошқа маҳсулотлар захираси ҳам етарли.

Шунингдек, жойлардаги озиқ-овқат ярмаркалари ҳақида тўхталиб ўтсак. Бугунги кунга келиб Тошкент шаҳрида 715та ярмарка ташкил этилди. Бунда 417 тонна картошка, 262 тонна пиёз, 123 тонна сабзи, 56 тонна карам, 105 тонна турли сабзавотлар, 35 тонна мева, 54 тонна гуруч, 29 тонна макарон, 51 тонна ун, 46 тонна шакар, 24,5 тонна мол гўшти, 2,5 тонна қўй гўшти, 25 тонна товуқ гўшти, 934 минг дона тухум, 59 минг литр ёғ маҳсулотлари сотилган. Ушбу савдо нуқталарида санитария талаблари назоратга олинган ва тўлов терминаллари орқали савдо амалга оширилмоқда»,  дея ахборот берди Маҳмудхўжаев. 

Мавзуга оид