Жамият | 11:28
1972
1 дақиқада ўқилади

Афғонистондан картошка кўринишида олиб ўтилаётган 72 кг гашиш фош қилинди

Термиз туманида яшовчи фуқаро бошқарувидаги юк машина чегарада кўрикдан ўтказилган. Унинг юкхонасидаги картошкалар орасидан картошка кўринишида ясалган 72 кг гашиш топилган. Ушбу наркотик модда Россияга олиб кетилаётган бўлган.

Фото: ДХХ

Сурхондарёда Афғонистондан Россияга олиб кетилаётган катта миқдордаги наркотик модда фош этилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Термиз туманида яшовчи 25 ёшли ҳайдовчи бошқарувидаги MAN юк машинаси Афғонистондан “Термиз-автомобил йўли” халқаро ўтказиш пунктига кириб келган вақтда ДХХ Чегара қўшинлари ва Божхона идоралари ходимлари ҳамкорлигида кўрикдан ўтказилган. Жараёнда машина юкхонасида картошка маҳсулотлари борлиги маълум бўлган.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулоти синчковлик билан текширилганда уларнинг орасига картошка кўринишида ясалган 222 дона бўлакдан иборат 72 кг 300 гр гашиш яширилганлиги аниқланган. Наркотик модда процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.

Дастлабки маълумотларга кўра, катта миқдордаги ушбу наркотик модда Россияга олиб кетилаётган бўлган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Самарқандда 38 килограммга яқин наркотик модда аниқланганди.

Руслан Сабуров
Тайёрлаган Руслан Сабуров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид