Ўзбекистон | 15:31 / 28.11.2025
978
2 дақиқада ўқилади

Ихтисослашган туманларда уруғлик картошка етиштиришга қўйиладиган меъёрлар белгиланди

Адлия вазирлиги картошканинг «ин-витро» ўсимлиги, микро ва мини-туганакларини тайёрлаш, шунингдек, юқори авлодли уруғлик картошка етиштириладиган ҳудудлар ва етиштирувчи субъектларга қўйиладиган талабларни ўз ичига олган ҳужжатни давлат рўйхатидан ўтказди. 

Фото: Getty images

Адлия вазирлиги томонидан картошканинг «ин-витро» ўсимлиги, микро ва мини-туганакларини тайёрлаш ҳамда юқори авлодли уруғлик картошка етиштириладиган ҳудудлар ва етиштирувчи субъектларга қўйиладиган талаблар белгиланган ҳужжат давлат рўйхатидан ўтказилди (рўйхат рақами: 3712, 2025 йил 26 ноябр).

Ушбу ҳужжат президентнинг 2025 йил 8 сентябрдаги ПҚ–269-сон қарорига мувофиқ қабул қилинган бўлиб, унда қуйидаги асосий йўналишлар бўйича талаблар белгилаб қўйилган:

илмий муассасалар ва тадбиркорларнинг картошканинг «ин-витро» ўсимлиги, микро ва мини-туганакларини етиштириш фаолиятига оид талаблар;
маскет тўр билан ўралган иссиқхона ёки ҳимояланган иншоотларга қўйиладиган техник ва агротехнологик талаблар;
ихтисослашган туманларда (Булунғур, Зомин, Бахмал, Бўстонлиқ, Шаҳрисабз, Китоб, Қўрғонтепа, Янгиқўрғон ва Сўх) картошканинг мини-туганагидан юқори авлодли уруғлик картошка етиштирувчи субъектлар фаолиятига оид талаблар;
картошка етиштирувчи субъектларнинг ҳудудлари, уларнинг ҳолати ва инфратузилмасига қўйиладиган талаблар.

Ҳужжатга кўра, юқори авлодли уруғлик картошка етиштиришда ер майдони туман апробация комиссияси томонидан ҳар йили камида икки марта апробациядан ўтказилиши шарт. Апробация уруғлик картошканинг гуллаш даврида ва туганаклар шаклланаётган даврда амалга оширилади.

Белгиланган талаблар уруғлик картошка сифати ва ҳосилдорлигини ошириш, илмий ёндашув ва замонавий агротехнологияларни жорий этган ҳолда тармоқда сифатли уруғ материаллари базасини шакллантиришга хизмат қилиши кўзда тутилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид