Ўзбекистон | 14:33 / 14.04.2020
11432
3 дақиқада ўқилади

Транспорт вазирлиги: Карантиндагиларни уйига қадар етказмаган ҳайдовчига чора кўрилди   

Транспорт вазирлиги Ахборот хизмати раҳбари Наврўз Ашурматов коронавирусга қарши кураш штабида бўлиб ўтган навбатдаги брифингда келиб тушган саволларга жавоб берди.

Фото: Telegram / Insider.uz

Менинг ишлаб чиқариш корхонам бор. Ҳозирги кунда зарур булган маҳсулотни ишлаб чиқариш учун чет элдан хом аёш буюртма бериб, ушбу хом аёшни олиб келишда аэропортнинг Карго юк хизматидан фойдалансам буладими?

Албатта бўлади. Ҳозирги кунда кўп давлатларда коронавирус пандемияси туфайли мунтазам авиақатновлар, йўловчи ва юк ташуви чекланган. Аммо “Uzbekistan Airports” АЖ тизимига кирувчи Тошкент, Навоий ва Наманган аэропортлари кучаю-кундуз фаолият юритмоқда. Бу аэропортларда юкларни қабул килишга барча шароитлар мавжуд.

Мамлакатимизнинг қолган аэропортлари авиақатнов ташкил қилинишига қараб жадвал буйича ишламоқда. Юк юборувчилар ёки қабул қилувчи, юк ташиш учун керак бўлган ҳужжатлар руйхатини ва юкга бўлган талабларни аэропортнинг юк ташув бўлимидан, ёки авиаташувни бажарувчи авиакомпаниядан олиши мумкин.

13 апрель куни соат тунги 01:00 Тошкент вилоятида жойлашган карантин зонасидан олиб келинаётган 50 нафар фуқаролар йўлда қолдириб кетилди. Бу ҳолатга изоҳ борми?

Мазкур ҳолат бўйича ўтказилган ўрганиш ишларида хабар мутлақо асоссиз ва ҳақиқатдан йироқ эканлиги ойдинлашди. Шу куни автобус ҳайдовчиси карантин муддати тугаб уйларига қайтаётган барча йўловчиларни ўз манзилларига қадар етказиб қўйган. 

Бироқ, жорий йилнинг 10 апрель куни Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманида жойлашган карантин ўташ махсус ҳудудида бўлган ва уйига жавоб берилган фуқароларни доимий яшаш манзилларига етказиб қўйиш давомида автобус ҳайдовчиси ва йўловчиларнинг ўзаро тушунмовчилиги сабаб ҳақиқатан ҳам 3 нафар фуқарони ўз манзилига (Алгоритм мавзесига) етказмасдан, Фарҳод бозори атрофида тушириб қолдирган. Натижада бу фуқаролар йўлда қолиб кетишган. Ҳайдовчининг бу хатоси сабаб унга нисбатан маъмурий жавобгарлик жазоси қўлланилди.

Юқоридаги каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманида жойлашган карантин ўташ махсус ҳудудида бўлган фуқароларни ўз манзилларига уйларига етказиб қўйиш учун “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ ва Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси билан биргаликда махсус йўналишлар ишлаб чиқилиб, ушбу йўналиш бўйича фуқароларни манзилларга етказилмоқда. 

Бундан ташқари фуқароларни кичик массив ва маҳалларга олиб кириш учун Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси туман бўлимларининг Пост-патруль хизмати ходимлари томонидан уйга етказиш чоралари кўрилмоқда.

Аброр Зоҳидов
Тайёрлаган Аброр Зоҳидов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид