Пластик карталар учун ҳеч қандай тўлов олинмайди. Пенсия жамғармаси карантин даврида пенсия таъминоти бўйича тушунтириш берди
Ўзбекистонга коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссияси ҳамда коронавируснинг тарқалишига қарши курашиш чора-тадбирларини мувофиқлаштириш ва хавфсизликни таъминлаш бўйича махсус штабининг 2020 йил 14 апрелдаги қарорига мувофиқ, республикадаги эпидемиологик ҳолат барқарорлашгунга қадар 2020 йилнинг май ойидан пенсия ва нафақалар тўлиқлигича банк пластик карталари орқали амалга оширилади. Пенсия жамғармаси ушбу қарор бўйича тушунтириш бериб, қарорни қабул қилишдан асосий мақсад – пенсионер ва нафақа олувчиларнинг соғлиғини сақлаш ва коронавирус инфекциясининг кенг тарқалишини олдини олиш эканини маълум қилди.
Карантин даврида пенсия тўловлари банк пластик карталари орқали амалга оширилади.
Пенсионер ва нафақа олувчиларнинг саломатлигини сақлаш мақсадида, пенсия ва нафақаларни тўлиқлигича банк пластик карталари орқали амалга ошириш тартиби қуйидаги муддатларда йўлга қўйилади:
- 2020 йилнинг май ойидан – Тошкент, Нукус шаҳарлари ҳамда вилоят марказларида истиқомат қилувчи фуқаролар учун;
- 2020 йилнинг июнь ойидан – республиканинг барча ҳудудларидаги фуқаролар учун.
Биринчи навбатда, Халқ банки томонидан пенсия ва нафақаларини нақд пулда олувчи барча фуқаролар учун банк пластик карталари очилади.
Бунда фуқаролардан паспорт нусхалари ва бошқа ҳужжатлар талаб этилмайди. Пенсия жамғармаси ҳамда Халқ банки ўртасида электрон маълумот алмашинуви амалга оширилади. Пластик карталар фуқароларнинг оворагарчилигисиз расмийлаштирилади, пенсия ва нафақа олувчиларнинг банк бўлимларига бориши талаб қилинмайди.
Пенсия жамғармаси томонидан фуқароларнинг пенсия ва нафақа маблағлари уларнинг Халқ банкида очилган банк пластик карталарига ўтказиб берилади.
Махсус комиссия тавсиясига кўра, қоғоз шаклидаги ҳужжатлар орқали коронавирус тарқалишининг хавфи юқори эканлиги инобатга олинган ҳолда фуқаролардан ариза талаб этилмайди.
Шундан сўнг пенсия ва нафақа олувчиларга очилган банк пластик карталари маҳалла фуқаролар йиғинлари бўйича белгиланган пенсия ва нафақаларни етказиш графикларига мувофиқ, Халқ банкининг сайёр кассалари томонидан фуқароларнинг яшаш манзилларига етказилади.
Пенсия ва нафақа олувчиларга очилган банк пластик карталари учун фуқаролардан ҳеч қандай тўлов ва ҳақ олинмайди.
Халқ банки сайёр кассалари томонидан банк пластик карталарини етказиш чоғида фуқароларнинг хоҳишига асосан банк картасидаги пуллар фоизсиз нақдлаштириб берилади.
Халқ банки пластик карталари орқали пенсияларни олувчилар банкнинг кассалари ва банкоматлар орқали пулларини нақдлаштирганда, нақдлаштирилган суммадан хизмат ҳақи ушлаб қолинмайди.
Банк пластик карталаридан фойдаланиш учун қандай шароитлар яратилади?
Барча маҳалла фуқаролар йиғинлари бинолари олдида босқичма-босқич банкоматлар жойлаштирилади.
Банкоматлар билан таъминланмаган маҳалла фуқаролар йиғинларига ҳар ойда графикка мувофиқ, Халқ банки сайёр кассалари фуқароларнинг яшаш манзилига борган ҳолда уларнинг хоҳишига кўра банк картасидаги маблағларни нақдлаштириб беради.
Шунингдек, бозорлардаги ва маҳаллалардаги озиқ-овқат дўконларида терминаллар тўлиқ ишлаши устидан солиқ идоралари томонидан қатъий назорат ўрнатилади.
Пенсия пулларини бошқа тижорат банклари орқали оладиган фуқароларга тўловлар қандай амалга оширилади?
Бугунги кунда пенсия ва нафақаларини бошқа тижорат банкларининг пластик карталари орқали олиб турган жами 370 мингдан ортиқ фуқаронинг пенсиялари бўйича тўловлар келгуси ойларда ҳам уларининг (мавжуд) банк карталари орқали амалга оширилиши давом эттирилади.
Бунда пенсия ва нафақаларни қисман банк пластик картаси ва қолган қисмини нақд пул шаклида оладиган жами 121 мингдан ортиқ фуқарога ҳам келгуси ойдан тўловлар тўлиқ ўзларининг (мавжуд) банк пластик карталарига ўтказиш орқали амалга оширилади.
Фуқароларга яна қандай қулайликлар яратилди?
Ногиронлик муддати тугайдиган фуқароларнинг ногиронлик муддатлари уларни қайта тиббий кўрикдан ўтказмасдан Тиббий-меҳнат экспертизаси комиссиялари томонидан автоматик тарзда узайтирилади ҳамда уларга пенсия (нафақа) тўловлари давом эттирилади.
Бунда ногиронлиги бўлган шахслар пенсия тўловлари давом эттирилиши учун ногиронлигини қайта кўрикдан ўтказиш (муддатини узайтириш ва ногиронликни белгилаш) мақсадида Тиббий-меҳнат экспертизаси комиссиясига бориши талаб этилмайди. Пенсия пуллари карантин чекловлари даврида давом эттирилади.
Шунингдек, пенсия ва нафақа, шу жумладан, дафн маросими ва бола туғилганда бериладиган бир марталик нафақаларга ҳуқуқи пайдо бўлган фуқаролар карантин тадбирлари тугагандан кейин бир ой давомида Пенсия жамғармаси туман (шаҳар) бўлимларига мурожаат этиши мумкин. Бунда уларга пенсия (нафақа)лар карантин чекловлари давридаги ҳуқуқи пайдо бўлган санадан тайинланади.
Маълумот учун, фуқаролар пенсия тайинлашни сўраб туман (шаҳар) Пенсия жамғармаси бўлимига пенсия олиш ҳуқуқи пайдо бўлгандан кейин 60 кун ичида мурожаат этса, уларга пенсия ёшига тўлган кундан эътиборан пенсия тайинланади.
Масалан, фуқаро шу йилнинг 24 март куни 60 ёшга тўлди ва шу йилнинг 22 майига қадар (60 кун ичида) ариза билан мурожаат қилганда, унга пенсия 2020 йил 24 мартдан тайинланиши лозим бўлади. Бироқ карантин даврида у мурожаат қила олмади. Фуқаро 1 июлга қадар (агар карантин чекловлари жорий йилнинг 1 июнига қадар давом этган тақдирда) зарур ҳужжатлар билан яшаш жойи бўйича Пенсия жамғармасига мурожаат қилса, унга пенсия мазкур ҳуқуқ пайдо бўлган сана, яъни 2020 йил 24 мартдан тайинланади.
Шу билан бирга, пенсия (нафақа)лар тўлови устидан мониторинг ишлари масофадан ахборот-коммуникация тизимларидан фойдаланган ҳолда ўтказилиши белгиланган. Пенсия жамғармаси томонидан бу муддат ичида электрон маълумотлар базасидан фойдаланган ҳолда пенсияларнинг тўғри тайинланганлиги ва тўланиши назорат қилиб борилади.
Банк пластик карталари ва ишончнома орқали пенсия (нафақа) олаётган ҳамда тайинланган пенсия (нафақа)га бўлган ҳуқуқини тасдиқлаш муддати келган ва паспорт муддати тугаган фуқаролардан ҳужжат талаб этилмасдан тўлов муддатлари 4 ойга узайтирилади.
Шунингдек, фуқароларга банк пластик карталарини етказиш, маблағларни нақдлаштириш масалалари бўйича Халқ банкининг 1106 ишонч телефонига мурожаат қилиш мумкин.
Бундан ташқари, пенсия таъминотига оид саволлар бўйича Пенсия жамғармасининг 1140 ишонч телефони ҳам фаолият юритмоқда.
Мавзуга оид
11:03 / 08.06.2024
Путин ишлаётган фуқароларга пенсия индексациясини қайтаришни таклиф қилди
21:54 / 01.05.2024
Энг кам пенсиялар минимал истеъмол харажатлари миқдорига етказилди
20:30 / 11.08.2023
Пенсия жамғармаси халқаро ташкилотга аъзо бўлди
19:43 / 28.03.2022