Иқтисодиёт | 13:05 / 15.04.2020
19053
3 дақиқада ўқилади

Валюта сотиш ва сотиб олиш бўйича ҳеч қандай чекловлар киритилмайди – Мамаризо Нурмуратов

Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов Ўзбекистонда ҳукумат ва Марказий банк валюта алмашув курсига аралашмаслигини, айни вақтда валюта сотиш ва сотиб олиш бўйича ҳеч қандай чекловлар киритилмаганини маълум қилди.

15 апрель куни Марказий банкда бўлиб ўтган онлайн брифингда Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов карантин ҳолатида амалга оширилаётган чора-тадбирлар, иқтисодий вазият, жумладан валюта бозоридаги вазият ҳақида маълумотлар берди.

«Ички валюта бозорида шаклланган ҳолатга келсак, бир нарсага алоҳида тўхталмоқчи эдим – Марказий банк ёки ҳукумат алмашув курсининг бозордаги талаб ва таклиф асосида шаклланишига аралашмайди. Агар биз аралашиб, бозор қоидаларини бузсак, кейин буни тўғрилаш жуда ҳам қийин бўлади. Биржада ва айирбошлаш шохобчаларида валюта курси ўртача 6,5 фоизга ошиши кузатилди. Март ойидан бошлаб ривожланаётган давлатлар, хусусан асосий савдо ҳамкорларимиз валюта курслари кескин қадрсизланяпти, бу бизга ҳам таъсир қилди.

Биз бу ҳолатни курснинг тўғриланиши, деб ҳисоблашимиз керак. Бошқа давлатлардаги, глобал иқтисодиётдаги ўзгаришлар бизга ўз таъсирини ўтказди. Ташқи кириб келишлар камайиши, девальвацион кутилмалар босим қиляпти. Импортга бўлган талаб олдингидай эмаслиги девальвацион кутилмаларни пасайтиради. Четдан пул ўтказмалари ҳажми март ойида февраль ойига нисбатан 23 фоизга, апрелнинг дастлабки 10 кунида 3 баробар қисқарган», дейди Марказий банк раиси.

У Ўзбекистондаги банкларда сўнгги кунларда валюта сотишда чеклов қўйилгани ҳақидаги хабарларга муносабат билдирган.

«Валюта алмашинувига назар ташлайдиган бўлсак, жорий йилнинг 25 март ва 13 апрель оралиғида валюта бозоридаги ҳолат динамикасини кўриб чиқдик. Бу ерда талаб таклифга нисбатан ошгани кузатилади. Март ойида банклар томонидан аҳолига суткасига ўртача 12,3 млн АҚШ доллари сотилган, 10 апрель куни бу кўрсаткич 19,5 млн, 13 апрелда 22 млн АҚШ долларига етган. Банкларга сотиш, яъни таклиф суткасига 12 млн бўлган бўлса, айни пайтда бу кўрсаткич 40 фоизга пасайди. 

Валюта биржасида ўртача 62 млн АҚШ долларига сотилган. Бугунги кун ҳолатига АҚШ доллари курси 10 121 сўмга ошгани туфайли харид бўйича таклифлар 80 фоизга қайтариб олинди. Бу ҳолат табиий курсга келишга сабаб бўлади. 

Яна бир бор айтиб ўтаман – валюта сотиш ва сотиб олиш бўйича ҳеч қандай чекловлар киритилмайди. Бунга урғу беришимнинг асосий сабаби, сўнгги кунларда ижтимоий сайтларда гўёки шундай чекловлар тўғрисида ҳар хил хабарлар чиқиб келди. Шунинг учун, фурсатдан фойдаланиб, бутун халқимизга шуни етказмоқчиманки, валютани сотиш ва сотиб олиш бўйича ҳеч қандай чекловлар киритилмайди. Фақат унинг нархи бозордаги омиллар асосида шаклланиб боради», дея Нурмуратовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид