Ўзбекистон | 20:52 / 17.04.2020
18422
3 дақиқада ўқилади

Сенат банк ходимлари оммавий равишда бўшатилиши ҳақида тарқалган хабарларга муносабат билдирди

Олий Мажлис Сенати айрим интернет нашрларида банкларнинг 5 мингдан ортиқ сайёр кассирлари ишсиз қолиши ҳақида тарқалган хабарлар мутлақо асоссизлигини маълум қилди.

Олий Мажлис Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси интернетда тарқалган шу ҳақдаги хабарни ўрганиш натижаларини маълум қилди.

«Айрим интернет нашрларида тарқалган хабарларда Республика махсус комиссияси ҳамда коронавируснинг тарқалишига қарши курашиш чора-тадбирларини мувофиқлаштириш ва хавфсизликни таъминлаш бўйича махсус штабининг 2020 йил 14 апрелдаги қарори билан шу йилнинг май ойидан пенсия ва нафақалар тўлиқлигича банк пластик карталари орқали амалга оширилиши туфайли, банкларда сайёр кассир бўлиб ишлаётган 5 мингга яқин ходим ишсиз қолиши ва бу ҳақда ҳеч ким гапирмаётгани қайд этилган.

Марказий банк ва Халқ банки мутасаддиларининг Сенат сўровига билдирган ахборотларидан маълум бўлдики, аввало, пенсия ва нафақалар тўлиқлигича банк пластик карталари орқали амалга оширилиши – кассирлардан терминаллар орқали ҳар бир пенсионерга нақд пулни етказиб беришни, банкоматларни пул билан таъминлаб туриш каби қатор вазифаларни талаб этади ва уларга иш юки ҳозирда етарли бўлади. Шу боис штатларни қисқартириш борасидаги гаплар асоссиз», дейилади Сенат расмий сайтида эълон қилинган ахборотда.

Таъкидланишича, банкларга республиканинг барча чекка ҳудудларида мижозларга тезкор хизмат кўрсатиш учун ихчам «банк хизматлари офислари»ни ташкил қилиш вазифаси президент фармони билан юклатилган. Шунинг учун банклар томонидан сайёр кассирларни қуйидаги йўналишларда ишга жалб этиш режалаштирилган:

– «банк хизматлари офислари» орқали аҳолига чакана банк хизматларини кўрсатиш, микрокредит, микроқарз, автокредит, истеъмол кредитлари олишларида кўмаклашиш;

– барча ҳудудларда банкоматлар ўрнатилиб, тўлиқ ишга тушгунга қадар пенсионерларга банк карталаридаги пулларини терминаллар орқали нақд шаклда олишини таъминлаш;

– ҳудудлардаги банкоматларни нақд пул билан таъминлаб туриш каби хизматларни кўрсатиш.

Сенат ахборот хизмати хабарида мазкур жараён парламентнинг юқори палатаси доимий назоратида бўлиши қайд этилган.

 

Мавзуга оид