Жаҳон | 20:17 / 18.04.2020
6999
2 дақиқада ўқилади

Бразилия президенти мамлакат чегараларини очишни таклиф қилди

Кеча Бразилия президенти соғлиқни сақлаш вазири Луис Мандеттани мамлакатда коронавирусга қарши кураш борасидаги ёндашувлари турлича бўлгани учун истеъфога чиқарди.

Бразилия президенти Жаир Болсонару коронавирус пандемиясига қарамасдан мамлакатнинг қўшни давлатлар билан чегараларини очишни таклиф қилди. У янги соғлиқни сақлаш вазирини лавозимига тайинлаш маросимида ана шундай ташаббусни илгари сурди.

"Мен чегараларни очиш зарур деб ўйлайман, буни албатта, вазирлар билан муҳокама қиламиз. Парагвай билан чегара нега ёпиқ? У ердаги қуруқлик орқали чегарани назорат қилишнинг имкони йўқ. Уругвай билан ҳам худди шундай", - деди у. 

Унинг фикрича, бажариш имконсиз бўлган қарорни қабул қилишдан маъно йўқ.

Март ойи ўрталарида коронавирус эпидемияси сабабли Бразилия қўшни давлатлар билан чегараларини ёпишини эълон қилганди. Ой охирида хорижликларнинг мамлакатга кириши бутунлай тақиқланди. 

Эслатиб ўтамиз, кеча Бразилия президенти соғлиқни сақлаш вазири Луис Мандеттани мамлакатда коронавирусга қарши кураш борасидаги ёндашувлари турлича бўлгани учун истеъфога чиқарди.  

Аввалроқ Жаир Болсонару эпидемияни «кичикроқ грипп» деб атаган ва штатлар губернаторларини чеклов чоралари киритгани учун танқид қилганди. 

Мандетта эса бошқача фикрда эди — Бразилия соғлиқни сақлаш вазирлиги ижтимоий мулоқотларни максимал даражада чеклашни тавсия қилаётганди. Болсонару ўз навбатида бундай чоралар иқтисодиётга зарба бериши ва ишсизликнинг ўсиб кетишини таъкидлаганди.  

Болсонару Мандеттанинг ўрнига онколог Нелсон Таишни соғлиқни сақлаш вазири этиб тайинлади.

Охирги маълумотларга кўра, Бразилияда коронавирусга чалинганлар сони 34 мингдан ошган, 2171 киши вафот этган.

Мавзуга оид