Ўзбекистон | 12:40 / 19.04.2020
26428
4 дақиқада ўқилади

Фаолияти тўхтатилган айрим бозорлар карантин вақтида қайта очилди

Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти бўлим бошлиғи Фарҳод Очилов карантин чоғида амалга оширилаётган ишлар, хусусан нарх-наво назорати бўйича маълумот берди

Фото: KUN.UZ

«Нархлар асоссиз ошиб кетиши олдини олиш мақсадида иқтисодий таъсир инструментлари қўлланмоқда.

15 март-17 апрель кунлари республика бўйича 16000 тонна картошка, 5200 тонна пиёз, 3700 тонна сабзи, 400 тонна карам, 460 тонна товуқ гўшти, 1150 тонна гўшт, 8,3 млн дона тухум, 1 350 тонна гуруч, 540 тонна шакар ва 120 тонна олма ишлаб чиқарувчилар нархида интервенция қилинди.

Бу йўналишда Махсус комиссия томонидан тасдиқланган тартиб асосида 1-17 апрель кунлари ҳудудий прокуратура, департамент органлари ҳамда бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда 28 490та (бугун 2 664та) кўчма савдо ярмаркаси ташкил этилиб, аҳолига 27 турдаги жами 31 765 тонна (3 028 тонна) озиқ-овқат маҳсулотлари арзон нархларда сотилиши таъминланди.

Доимий фаолият юритувчи деҳқон бозорлари бўлмаган, қарийб 2 млн аҳоли истиқомат қилувчи 15та туманда яшовчи фуқароларга қулайлик яратиш бўйича кечиктириб бўлмас чоралар кўрилмоқда. Ушбу туманлардаги савдо дўконларини 27 хил турдаги маҳсулотларни сотиши таъминлаш орқали минимаркетга айлантириб, ишлаб чиқарувчилар бириктириб берилди.

Шунга кўра, департамент ташаббуси билан 15та тумандаги 489та дўконга 136та ишлаб чиқарувчи, 1319та фермерлик ва деҳқон хўжалиги ҳамда 11 208та томорқа ер эгалари бириктирилиб, 14-18 апрель кунлари жами таклиф этилган 27 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлардан 1 599 тонна сотилди», дейди Фарҳод Очилов АОКА ҳузуридаги штабда ўтказилган брифингда.

У карантин вақтида айрим ҳудудларда ишламай турган турган бозорлар очилгани тўғрисида айтиб ўтди.

«Янгийўл ҳамда Бекобод туманлари марказида замонавий типда қурилган, бироқ 2018 йилдан буён фаолият кўрсатмаётган, Қибрай тумани марказида муқаддам бозор сифатида фаолият юритиб, ҳозирда хусусийлаштирилиб, бўш ётган бозор фаолияти қайта тикланди. Деҳқон бозори мавжуд бўлмаган, Зангиота туманининг «Эшонгузар» маҳалласида доимий ишлайдиган йирик савдо ярмаркаси ташкил қилиниб, 27 турдаги озиқ-овқат

ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини арзон нархларда сотиш йўлга қўйилди.

Карантин даврида давомида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларга 24 780,4 тонна, Тошкент шаҳар деҳқон бозорлари, савдо тармоқлари ҳамда сайёр савдо шохобчаларига 5 500 тонна картошка етказиб берилди.

Ун маҳсулотларини дон корхоналаридан тўғридан-тўғри харид қилувчилар рўйхатига амалда ишламаётган савдо нуқталари, макарон ишлаб чиқарувчилар, новвойхоналар ҳамда биржада нархларни манипуляция қилган субъектларни киритмаслик, шунингдек асоссиз қиммат нархларда сотиш, ажиотаж талабни вужудга келтиришга қарши қаратилган барча чоралар кўрилади.

Ушбу йўналишда аниқланган ҳар қандай қонун бузилишига қатъий муносабат билдирилади.

Прокуратура, шу жумладан департамент органларининг ишонч телефонлари суткасига 24 соат ишлаб турибди, ҳар бир негатив ҳолатга тезкор муносабат билдирилиб, тегишли чоралар кўрилмоқда.

Хусусан, озиқ-овқат маҳсулотлари ва тиббий гигиена воситаларининг нарх-навоси ошиб кетганидан норози бўлиб, шу кунга қадар ишонч телефонлари ҳамда веб-сайтлар орқали жами 834та мурожаатлар келиб тушган. Ушбу мурожаатларнинг асосий қисми Қашқадарё (132та), Самарқанд (103та), Наманган ва Жиззах (74тадан), Сурхондарё (71тадан) вилоятларига ҳамда Тошкент шаҳрига (84та) тўғри келади», дейди бош прокуратура расмийси.

Мавзуга оид