Иқтисодиёт | 08:02 / 19.04.2020
19147
7 дақиқада ўқилади

Нефть қазиб олишни қисқартириш бўйича келишув: Россия учун аҳвол оғир бўлиб қолаверадими?

Коронавирус дунё иқтисодиётида чуқур инқироз келтириб чиқирди. Унинг ортидан жаҳон бозорида турли хом ашёларга бўлган талаб кескин камайган. Дунё энергетикаси учун энг муҳим хом ашё бўлган нефть ҳам талаб камлиги сабаб арзонлаб кетди. Бугун нефть экспорт қилувчи давлатларнинг айримларига ҳавас қилиб бўлмайди. Айниқса Россияга.

Фото: Andrey Rudakov/Bloomberg

ЯИМ бўйича дунёда 10-ўринда бўлган (1,65 триллион доллар) Россия иқтисодиёти учун нефть жуда муҳим ўрин тутади. Мамлакат ЯИМнинг ўртача 20 фоиздан кўпроғини айнан нефть ва газ савдоси ташкил қилади. Россия бюджетининг учдан бири нефть ва газ комплекси ҳисобидан тўлдирилади. Умуман, Россия экспортининг ярмига яқини энергетика соҳасига тўғри келади.

Россия молия вазирлиги 2006 йилдан бери нефть ва газ экспортидан олинаётган даромад мамлакат бюджетининг неча фоизини ташкил этаётгани ҳақида маълумотларни эълон қилиб келяпти. Унга кўра, ўтган 13 йил давомида нефть ва газ экспортидан келаётган даромад Россия бюджетининг 36-51 фоизини қоплаб берган. Агар сўнгги йиллардаги кўрсаткичларга қарайдиган бўлсак, бу кўрсаткич 2018 йилда 46 фоизни, 2019 йилда 40,8 фоизни ташкил этган. Россия ЯИМсида нефть ва газ экспортининг улуши 2019 йилда 18,5 фоизни ташкил этган. 

2019 йилнинг декабрида Россия 2020 йил учун давлат бюджетини қабул қилишда нефть нархини 1 баррелга ўртача 44 доллардан ҳисоблаган эди. Бугун эса дунё бўйлаб коронавирус ортидан келиб чиққан иқтисодий инқироз пайтида нефть нархи 10,5 долларгача пастлаб кетди. Бундай ҳолатда Россияда бюджет тақчиллиги юзага келиши мумкин.

Масалан, Россия инқироз вақтида АҚШ каби ҳар бир фуқаросига 1 200 доллардан, уларнинг болаларига эса 500 доллардан тарқатишни «ўзига эп кўра олмайди». Нефть қазиб чиқаришни камайтириш масаласида Саудия билан келишилди, OПЕК+ билан битимга эришилди, аммо ҳолат барибир яхши томонга ўзгармаётгандек. Чунки инқироз пайтида нефтга бўлган талаб ҳамон паст. Айниқса, Россия нефтига. Дунёдаги барча нефть омборлари эса аллақачон тўлиб бўлган.

Келишувга кўра, OПЕК+ мамлакатлари (унга ОПЕК ва унга аъзо бўлмаган нефть экспорт қилувчи давлатлар киради) 1 майдан бошлаб кунлик нефть қазиб олишни 9,7 миллион баррелга қисқартириш ҳақида келишувга эришган. Келишув эълон қилинган кунда жаҳон биржаларида нефть нархи бироз кўтарилди ва Россия учун умид учқунларини ёқди. Аммо орадан бир неча кун ўтиб нефть нархи яна пасая бошлади ва 15 апрель куни Brent туридаги нефтнинг бир баррели 28 долларгача пастлади. Унгача нарх 30 доллардан тепада эди.

Нефть бозорини таҳлил қилиб борадиган мутахассисларнинг фикрича, OPEC+ мамлакатлари томонидан нефть қазиб олишни камайтириш бўйича келишувга эришилган бўлса ҳам, нефть нархи яна пасайишда давом этади. Сабаб – коронавирус инқирози.

Энг ёмони шундаки, бугун дунё бўйлаб тарқалаётган коронавирус ва унинг ортидан содир бўлаётган инқирознинг ҳам қачон тугаши маълум эмас. Бу мавҳумлик туфайли келажакда нефть нархи янада пастлаб кетмаслигига ҳеч ким кафолат бера олмайди.

Россия нефтининг энг йирик харидори бўлган Хитой иқтисодиётида ҳам, гарчи бу давлат коронавирусни енггани айтилаётган бўлса-да, ҳозирча мавҳумлик кузатилиоқда. Хитой бутун дунёга асосан ноозиқ-овқат маҳсулотлари етказиб беради. Аммо бугун дунёнинг аксарият қисмида одамларни асосан озиқ-овқат сотиб олиш қизиқтираётганини инобатга олсак, Хитой ҳатто коронавирус балосидан батамом қутулса ҳам, бошқалар ундан қутулиб бўлмагунча ўз иқтисодиётини жонлантира олмайди.

Хитой корхоналари тўлиқ куч билан ишламас экан, мамлакат «босиб-босиб» нефть сотиб олишини кутиш қийин. Демак, Россия нефть экспорти учун ҳозирча «туннелнинг нариги томонида ёруғлик кўринмаяпти».

OПЕК+ келишувидан аввал, апрель ойи бошида Россиянинг Urals туридаги нефти охирги 20 йилда энг паст нархда баҳоланди ва 1 баррели 10,5 долларгача тушиб кетди. Келишувдан сўнг дунё биржаларида Brent ва WTI нефть турларининг нархи ошган пайтда, Urals’нинг ҳам нархи бир баравар кўтарилган ва 1 баррели қарийб 20 долларга баҳоланаётган эди. Аммо 15 апрелда ўтказилган савдоларда унинг нархи яна пастлади ва 16 доллардан бироз тепароқда баҳоланди.

Бундай шароитда Россия нефть сотишдан ўзи учун керакли даромадни мутлақо ололмайди. Чунки нефть қазиб чиқариш харажатларини чиқариб ташласа, ҳозирги ҳолатда Россия ҳар бир баррель нефтдан арзимаган даромад олади.

Халқаро молия ҳисоботи стандартлари маълумотларига кўра, бугун Россияда қазиб олинаётган 1 баррель нефть қазиб олишнинг ўртача харажати 10 доллар атрофида бўлмоқда. Жумладан, 2019 йилда 1 баррель нефть қазиб чиқариш учун Роснефть 11,3 доллар сарфлаган. Бу харажатнинг 3,8 доллари нефть қазиб олиш учун (операцион харажатлар), 7,5 доллари лойиҳа учун (қидирув, бурғилаш, қазиб олиш ускуналари ўрнатиш) сарфланган.

«Лукойл» қазиб олган нефтнинг 1 баррели учун 10,2 доллар сарфлаган (3,7 доллар-операцион, 6,5 доллар-лойиҳа харажати). «Газпром» эса 1 баррель нефть қазиб олиш учун 9,8 доллар сарфлаган (3,8-операцион, 6 доллар-лойиҳа харажати).

Bloomberg ҳисоботларига кўра, 1 майдан сўнг, OПЕК+ келишувлари кучга киргач, Россия Urals туридаги нефтнинг ҳар бир баррелидан бор йўғи 1 доллардан даромад олиши мумкин. Таққослаш учун, январь ойида экспорт қилинган 1 баррель нефть Россия бюджетига 10,5 доллар, февралда 10,7 доллар, мартда 9,1 доллар, апрелда 7,1 доллар маблағ келтирган.

Таҳлилчиларга кўра, 1 майдан OПЕК+ келишувлари кучга кириб, нефть экспорт қилувчи давлатлар қазиб олишни кунига 9,7 миллион баррелга камайтиргани билан дунё бўйлаб давом этаётган инқироз туфайли нефтга бўлган талаб янада камайиб кетади ва нархлар яна арзонлайди. Ана шунда Россиянинг нефтдан оладиган даромади ҳам максимум миқдоргача камайиши мумкин.

Саудия Арабистонинг Saudi Aramco компанияси 15 апрель куни харидорларга ҳар бир баррель нефть учун 10 доллардан чегирма беришини ва сотиб олинган нефть пулини 90 кунда тўлаш мумкинлигини эълон қилди. Кўп ўтмай Қатар ҳам бу ишни такрорлади. Россияда эса Саудия Арабистонининг бу ишини «орқадан пичоқ уриш» деб баҳолашмоқда.

Коронавирус шундоғам бутун дунёга хавф солаётган бир вақтда Россия яна бир жиддий муаммони ҳал қилиши керак. Лекин, бу Россиянинг ўз қўлида эмас. Бу ҳолатдан шундай хулоса қилиш мумкинки, ҳеч қачон иқтисодни бир соҳага боғлаб қўймаслик керак. Акс ҳолда аввало давлат, кейин эса одамлар қийналади.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид