Жаҳон | 08:19 / 20.04.2020
6306
2 дақиқада ўқилади

Чехия президенти мамлакат чегараларини бир йил очмасликни таклиф қилди 

Чехия президенти Милош Земан фуқароларнинг хорижга чиқишига тақиқловни яна бир йилга узайтириш зарурлигини айтди.

Фото: Darko Vojinovic / AP

Земан бундай таклифни маҳаллий радиостанциялардан бирига интервьюсида билдирган, деб хабар берди Ceske Noviny нашри.

Чехия президентининг фикрича, фуқаролар хорижга бормасликлари лозим, ёзги таътиллар вақтида эса “Чехия манзараларидан баҳраманд бўлганлари” маъқулроқ. Земан шахсан ўзи Чехия жанубидаги ўлкага дам олгани боришини айтган.

Унинг фикрича, чегараларнинг очилиши одамларнинг коронавирусдан касалланиш даражаси юқори бўлган мамлакатларга боришларига олиб келади, бу эса мамлакатдаги эпидемиологик вазиятни яна ёмонлаштириши мумкин.

Земан соғлиқни сақлаш вазири Адам Войтехнинг чекловларни қисман бекор қилиш ва чехларга коронавирусдан касалланиш даражаси паст бўлган давлатлар – Словакия ёки Хорватияга боришларига рухсат бериш таклифига шу тарзда муносабат билдирган. Чехия президенти бу масала май ойидан олдинроқ кўтарилмаслигини таъкидлаб ўтган.

Ўз навбатида мамлакатдаги туристик фирмалар ҳукуматдан чегараларнинг тахминий очилиши муддатини айтишни илтимос қилишган. Чехия туристик уюшмаси вице-президенти ҳукумат фуқароларга Болгария, Греция, Таиланд, Вьетнам ва Малдив оролларига боришга ҳам ижозат бериши мумкинлигини айтган.

Чехия соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, мамлакатда коронавирусга чалинганлар 6700 кишини ташкил қилмоқда, улардан 186 киши вафот этган. Чехияда эпидемиянинг энг юқори даражаси март охири—апрель бошига тўғри келган. Ўшанда мамлакатда кунига 300дан кўпроқ киши коронавирусга чалинган.   

Мавзуга оид