Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Бухоронинг қадимий қисмида бузилаётган ҳовуз: интернетдаги шов-шувлар ва маҳаллий мутахассис фикри
Ижтимоий тармоқлар ва мессенжерларда Бухоро шаҳрининг Юнеско маданий мероси рўйхатига киритилган қадимий марказида жойлашган Хўжа Гавкушон ансамбли олдидаги ҳовузнинг оғир қурилиш техникалари билан бузилаётгани ҳақидаги суратлар шов-шув келтириб чиқарди.

Мазкур масалада Маданият вазирлиги ҳам ўз расмий муносабатини билдирди:
«Бухоро шаҳридаги Хўжа Калон масжиди ва минораси 1573–1579 йилларда қурилган бўлиб, маданий мерос рўйхатига киритилган объектдир.
Ҳозирги кунда ёдгорлик олдида жойлашган ҳовузни таъмирлаш ишлари Бухоро вилояти ҳокимлиги томонидан амалга оширилмоқда. Аммо тартибга кўра, Ўзбекистон ҳудудида жойлашган барча моддий маданий мерос объектларидаги ишлар Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос департаментининг махсус рухсатномаси билан амалга оширилиши зарур.
Маданий мерос департаментининг Илмий-эксперт Кенгашига ўрнатилган тартибда ҳужжатлар тақдим этилган ҳолда, Кенгашнинг хулосасига кўра тиклаш ишларини олиб бориш мумкин.
Воқеа юзасидан Маданий мерос департаменти ўрнатилган тартибда ҳужжатларни Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига тақдим этади».
Бир жиҳатни қайд этиш керакки, маданий мерос рўйхатига киритилган қадимий масжид ва минора бузилаётгани йўқ. Бино олдидаги ҳовуз бузилган. Бузилган ҳовуз бетондан тиклангани кўриниб турибди ва у аниқ қадимий эмас.
Kun.uz бу борада Бухоро шаҳридаги қадимий осори атиқалар реставрацияси билан шуғулланиб келган «Арк» фирмаси раҳбари Зоиршоҳ Қиличевнинг фикрлари билан қизиқди.

— Қайд этиб ўтиш жоиз, Хўжа Калон масжиди олдида қадимда ҳовуз бўлган. Бироқ 1950-йилларда бу ҳовуз бузиб юборилиб, ўрни тўлдирилиб боғ қилинган. Кейин Ленин ва Сталиннинг ҳайкали ўрнатилган эди. Ҳайкаллар олиб ташлангач, боғ қолган эди. 1990-йилларнинг охирида ҳовуз шошилинч равишда қайта тикланган.
З.Қиличевнинг айтишича, Бухоро шаҳри қатор йиллардан буён ёмғир мавсумида сув тошқинига дучор бўлиб келмоқда. Жумладан, Хўжа Гавкушон масжиди ҳудудини ҳам бир неча марта сув босган. Бу эса ҳар йили баҳор ва куз фаслларида қадимий бинолар пойдеворини сув босиши ва чўкишига олиб келмоқда. (Масалан, Чор минор ансамблини 2017, 2018 йил февраль ойида сув босган. 2019 йил апрелида ҳам тошқин рўй берган.)

«Мен бу борада шаҳар архитектори Олимжон Шукуров билан ҳам гаплашдим, — дейди З.Қиличев. — Унинг айтишича, реставрация қилинишига сабаб ҳовузнинг қияликлари нотўғри амалга оширилган. Ҳозир қадимий иншоотни сув босмаслиги учун ишлар сифатлироқ қилиниши назарда тутилган».
Архитектор ва реставраторнинг айтишича, бу ишларнинг амалга оширилиши давомида, Бухоронинг эски шаҳар қисмида замонавий канализация тармоғи ҳам барпо қилинар экан. Хусусан, бу ҳовуз ҳам канализация тармоғига уланади. Чунки Амирлик давридагиси кўмиб юборилгач, ўшандан буён эски шаҳарда канализация тармоғи бўлмаган. Ҳозир амалга оширилаётган ишларда республика раҳбарияти, ЮНЕСКО ва ИКОМОС ташкилотларининг хабари бор.
«Хусусан, Хўжа Гавкушон ансамбли томонидан канализация Арк томонга ўтиб, у ердан шаҳар четидаги магистрал тармоққа уланади. Қарийб 20 йилдан бери шаҳар мутасаддиларини қийнаб келаётган муаммолар ниҳоят бартараф этилади. Шу сабабли ҳовузнинг реконструкция қилинаётгани жуда тўғри иш бўляпти, деб ҳисоблайман.
Ўзингиз ўйланг: шаҳарнинг қадимий қисмида қарийб бир асрдан бери канализация йўқ. Ҳозир шаҳар марказидаги 4 та катта кўчада канализация ётқизиш режага киритилган.
Биринчиси — Лаби Ҳовуздан вилоят ҳокимлигига кетадиган Арабон кўчаси, иккинчиси — Самарқанд кўчаси, учинчиси – Гавкушоннинг шимолий томонидаги Меҳтар Анбар кўчаси, тўртинчиси — Баҳоуддин Нақшбандий кўчаси.
Менимча, бу ишлар жуда тўғри қилиняпти. Чунки маҳаллий аҳолини канализация тармоғига улаш билан биргаликда, кўчаларни ёмғирдан кейин сув босиши, қадимий биноларга жиддий зарар етишининг олди олинади», — деди у.
Бу борада ҳозирча Бухоро вилояти расмийларининг муносабати эълон қилингани йўқ.
Бухоро томондан келаётган сўнгги янгиликлардан бири — Бухоро вилоят ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари бўлиб ишлаб келган Жамол Носиров Президентнинг 2020 йил 22 апрелдаги қарорига асосан Маданият вазирининг биринчи ўринбосари этиб тайинланган.
Шуҳрат Шокиржонов тайёрлади.
Мавзуга оид
15:20 / 13.06.2026
Эски сандиқдан топилган британча сурат: Дулси хоним излаган Боқижон Акрамов Бухоро ва Қашқадарёдан топилди
12:10 / 27.05.2026
Бухорода ЙТҲ содир қилган ҳайдовчи 10 суткага қамалди
18:54 / 26.05.2026
Тинтувдан сўнг йўқолган тиллалар – қидирувдаги собиқ терговчи ишида янги тафсилотлар пайдо бўлди
08:20 / 25.05.2026