«Энг ёмони ҳали олдинда». ЖССТ раҳбари карантинни юмшатаётган давлатларни огоҳлантирди
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бош директори Тедрос Аданом Гебреисус коронавирус билан боғлиқ энг ёмон ҳолатлар ҳали олдинда бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирди.
«Бизга ишонинг, энг ёмони ҳали олдинда. Бу фожианинг олдини олайлик. Бу вирус моҳиятини ҳали кўпчилик тушуниб етмаган. Жуда ривожланган давлатлар ҳам вазиятни олдиндан тўғри баҳолай олмагани учун муаммолар ичида қолди», деди у 21 апрель куни ташкилотнинг Женевадаги бош штаб-квартирасида сўзлаган нутқида.
Гебреисус ЖССТ ривожланган давлатларни вирус хавфидан ўз вақтида огоҳлантирганини таъкидлади.
«Биз уларни ҳам огоҳлантирган эдик. Вирус ривожланган давлатлар учун ҳам «сюрприз бўлишини» айтгандик. Ва шундай бўлди ҳам. Бой миллатлар учун ҳам вирус «сюрприз» бўлиши ҳақида огоҳлантиргандик. Бу гапларнинг ҳаммаси ёзувда сақланган», деди бош директор.
«Фожиани тўхтатайлик. 100 минглаб одамлар ўлаётгани жиддий масала. Бир инсон ҳаёт ҳам биз учун муҳим. Бўлди, шунча талафот етарли», дея қўшимча қилган Гебреисус.
У карантин тартибларини босқичма-босқич бекор қилаётган давлатларни огоҳлантириб, «чекловларни юмшатиш пандемия тугаганини англатмаслиги»ни қайд этган.
Эслатиб ўтамиз, АҚШ президенти Дональд Трамп ЖССТни пандемия вақтида ўзига берилган вазифани уддалай олмаганликда, вирус ҳақидаги маълумотларни яширганликда айблаган ва ташкилотнинг АҚШ томонидан молиялаштирилиши тўхтатилганини маълум қилган эди.
ЖССТ раҳбари бунга жавобан ташкилот ҳеч қандай маълумотни яширмаганини, маълумотларни яшириш инсоният саломатлиги учун хавф эканлигини айтган эди.
«АҚШнинг Касалликларни назорат ва профилактика қилиш маркази ходимлари ҳам бизнинг ташкилот ишига бириктирилган. Бу ташкилот фаолиятининг шаффофлигини билдиради. Марказ ходимлари ҳам биз маълумотларни зудлик билан барчага тақдим этишимизни билишади», деган эди Гебреисус ушбу айбловларга жавобан.
Мавзуга оид
18:52 / 08.11.2024
Ҳар йили дунёда 1 миллиарддан ортиқ бола зўравонликка дучор бўлмоқда — ЖССТ
17:48 / 01.11.2024
Дунёдаги энг ҳалокатли инфекция номи маълум бўлди
17:08 / 30.10.2024
Дунёда силга чалиниш ҳолатлари ошди – ЖССТ
00:26 / 27.10.2024