Ўзбекистон | 22:38 / 22.04.2020
31226
4 дақиқада ўқилади

Ўрта ва кичик бизнес субъектлари учун ҳам махсус рухсатномалар берилиши режалаштирилган – Абдулла Азизов

Давлат солиқ қўмитаси карантин даврида йирик солиқ тўловчиларнинг транспорт воситаларига махсус рухсат берувчи стикерлар беришни йўлга қўйди. Бундай стикерлар кейинги босқичда ўрта ва кичик бизнесларга ҳам берилиши кутилмоқда. Бу ҳақда Давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Абдулла Азизов Kun.uz’га берган интервьюсида маълум қилди.

«Йирик солиқ тўловчилар тоифасига кирувчи корхоналарнинг узлуксиз фаолият юритиши учун мақбул шароитлар яратиш мақсадида ушбу корхоналарга тегишли хизмат автомобиллари ва бу ерда ишловчи ходимларнинг шахсий машиналари учун махсус QR-кодли рухсатномалар беришни йўлга қўйдик. Ушбу ҳужжатни олиш учун қаергадир бориш шарт эмас. Бунинг учун йирик корхоналар солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали электрон солиқ хизматлари порталида махсус анкетани тўлдириб ариза бериш мумкин. Яъни барчаси онлайн тарзда амалга оширилади. Ариза юборилган кундан бошлаб бир иш куни ичида шакллантирилади.

Махсус рухсатномани принтер орқали чиқариб олиш кифоя. Уни сохталаштиришнинг имкони йўқ. Махсус QR-код орқали буни тезда аниқлаш мумкин. Масаланинг бу томони ҳам инобатга олинган », дейди Абдулла Азизов.

Қўмита расмийсининг айтишича, йирик солиқ тўловчилар учун чексиз миқдорда рухсатнома берилмайди. Ҳудудлараро инспекция томонидан бу борада квота белгиланган бўлиб, ана шу квота доирасида махсус рухсатномалар ажратилади.

«Бугунги кунда республика бўйича йирик солиқ тўловчилар сони 790тани ташкил этади. Қўмитамизнинг улар билан ишловчи ҳудудлараро инспекцияси томонида ҳар бир йирик корхона учун квота белгиланган. Масалан, баъзи бир корхоналарга 10та, бошқа бирига 30та, кимгадир 5та автомобиль учун махсус рухсатномалар берилади. Квоталар миқдори корхонадаги ходимлар сони, бу автомобиллар корхона фаолияти учун қанчалик кераклиги каби омилларга қараб белгиланади.

Йирик солиқ тўловчилар солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали электрон солиқ хизматлари порталида махсус анкетани тўлдириш жараёнида нечта машинага рухсатнома кераклигини рўйхат кўринишида машиналарнинг рақамларигача кўрсатиб ўтишади. Кейинчалик бир ой давомида ушбу рўйхатга ўзгартириш киритиб ёки қайсидир машинани ўчириб, ўрнига бошқасини тиқиштириб бўлмайди. Рухсат берувчи стикер 30 кун мобайнида амал қилади. Ушбу муддат ўтганидан сўнг қайта ариза бериш жараёнида бошқа автомобиллар учун рухсатнома сўраш мумкин бўлади», дейди Абдулла Азизов.

Унинг сўзларига кўра, корхоналар исталган вақтда қўшимча квота сўраб мурожаат қилиши мумкин.

«Стикерлар берилган корхоналарнинг хизмат автомобиллари ва у ерда ишловчиларнинг шахсий транспорт воситалари учун берилади. Рухсатнома берилган машиналардан фақат хизмат мақсадида ва белгиланган йўналиш бўйича фойдаланишга рухсат этилади. Дейлик, у автомобилдан шахсий мақсадларда фойдаланса, яъни унга тақдим этилган ишончни суиистеъмол қилса, бугун барча аҳоли пунктлари ва серқатнов кўчаларда жорий этилган вақтинчалик тўсиқ постларда навбатчиликда турган ЙПХ ходимлари томонидан тўхтатилиши ва ҳайдовчи белгиланган йўналиш бўйича ҳаракатланмаётгани аниқланса, рухсатнома бекор бўлиши ҳам мумкин.

Яна бир жиҳатни эслатиб ўтишни хоҳлардим. ДСҚ томонидан махсус стикер бериладиган автомобиллар эрталаб соат 7:00дан кечки 20:00га қадар ҳаракатланиши мумкин. Ундан олдин ёки ундан кейин ҳаракатланиш жавобгарликка сабаб бўлади. Шунинг учун рухсатномани қўлга киритгач, «бўлди, энди хоҳлаганимни қиламан », дейдиганлар қаттиқ адашади. Чунки бу – енгиллик кимларнингдир машина кўчада сайр қилиб юриши учун эмас, балки иш учун, корхона фаолияти тўхтаб қолмаслигини ўйлаб қилинаётган тадбир.

Бундан ташқари, транспорт воситасини бошқариш жараёни ва корхонадаги иш вақтида санитария қоидалари ва карантин талабларига эътибор бериш жуда муҳим.

Рухсат берувчи стикерлар учун ҳеч қандай тўлов ундирилмайди. Бошланишига фақат йирик солиқ тўловчи корхоналар учунгина бундай имконият тақдим этилаётган бўлса, кейинги босқичда ўрта ва кичик бизнесларга ҳам берилиши режалаштирилган », дейди у.

Аввалроқ Давлат солиқ қўмитаси қандай корхоналар йирик солиқ тўловчилар тоифасига киритилишини маълум қилганди.

Мавзуга оид